ОЛМАЗОР ТУМАНИДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ ҳамда унинг тасарруфидаги 11 та туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан пойтахт туманларида белгиланган режа-топшириққа асосан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мавжуд электр тармоқларини модернизация қилиш, ўта юклама билан ишлаётган трансформатор нимстанциялари юкини енгиллаштириш мақсадида, қўшимча трансформатор нимстанцияларини ўрнатиш, янги замонавий 0,4 кВли электр узатиш кабель тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу борада, Олмазор туманида ҳам барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан ушбу тумандаги «Чимбой» МФЙда қарор ижросини таъминлаш юзасидан ҳудуддаги трансформатор пункти истеъмолчилар сонининг йиллар давомида ўсиши, электр энергиясига бўлган талаб ортиши ҳисобига ўта юклама билан ишлаб келаётган эди. Эндиликда бу муаммога ечим топилиб, лойиҳа асосида ҳудудга янги, замонавий трансформатор нимстанцияси ўрнатилди.
Бундан ташқари, «Чиғатой оқтепа» МФЙ ҳудудидаги аҳоли истеъмолчилари, ушбу МФЙда жойлашган 4249-сонли трансформатор нимстанциясига қадар 0,4 км узунликда 0,4 кВли янги замонавий СИП кабель тармоғи тортиб берилди.
Шунингдек, туман ҳудудидаги аҳоли истеъмолчиларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, ушбу ҳудудга лойиҳа асосида бир дона янги замонавий қуввати 10 кВ кучланишга эга бўлган янги ТП ва 630/10 кВА бўлган трансформатор пункти ўрнатилиб, айни дамда аҳолига сифатли электр энергияси етказиб берилмоқда.
Олмазор туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари фаолиятлари давомида, энг аввало, хавфсизлик техникаси қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, масъулият билан меҳнат қилиб, туманнинг «Чиғатой оқтепа» ҳамда «Чимбой» МФЙларида фаолият олиб бормоқдалар.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.