ПОЙТАХТ ТУМАНЛАРИДА МУКАММАЛ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш Дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661 сонли қарори юзасидан белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ томонидан жорий йил қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Айни вақтда аҳолини сифатли ҳамда ишончли электр энергияси билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар хавфсизлигини доим назорат қилаётган соҳа ходимларининг бугунги карантин даврида масъулияти ва талаби янада ошди, боз устига куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам бошланди.
Кунлик режага кўра, ўз фаолияти давомида жамият тасарруфидаги 11 та туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан аҳолини ишончли ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, ҳар қандай мурожаатни тезлик билан бартараф этиш, электр тармоқларидаги авария ҳолатлари, яъни шикастланган юқори ва паст кучланишли кабель тармоқларини монтаж қилиш, қолаверса аҳолига бир меъёрда сифатли электр энергиясини етказиб бериш учун жойлардаги мавжуд трансформатор нимстанцияларида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб бориш каби муҳим вазифаларни бажаришмоқда.
Туман электр таъминоти корхоналари томонидан олиб борилган ишлар таҳлилига тўхталадиган бўлсак, бир ойда Миробод ТЭТК – 5 та, Учтепа ТЭТК - 7 та, Мирзо Улуғбек ТЭТК - 5 та, Шайхонтоҳур ТЭТК - 6 та, Сергели ТЭТК - 6 та, Бектемир ТЭТК - 4 та, Яшнобод ТЭТК - 5 та, Юнусобод ТЭТК - 5 та, Яккасарой ТЭТК - 4 та, Олмазор ТЭТК - 6 та ҳамда Чилонзор ТЭТК - 6 та трансформатор нимстанцияларида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилганини кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, жамият мутасаддилари томонидан ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этишлари бўйича кунлик амалий ишлардан олдин йўриқномалар ўтказилиши йўлга қўйилган.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.