СЎХ ТУМАНИДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ БОРАСИДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАР БИЛАН ТАНИШИЛДИ
Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қабул қилинган дастурга мувофиқ ҳудудда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг уй-жой маиший шароитларини яхшилаш каби вазифалар белгилаб берилган. Шу маънода, бугун Сўх туманида бошқа соҳалар қатори электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар босқичма-босқич ҳал этилиб, аҳоли турмуш фаровонлиги ошмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Қизилқиёқ” МФЙ ҳудудида яқинда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган янги 35/10 кВли “Рушноий” нимстанциясида бўлиб, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Таъкидлаш жоизки, “Қизилқиёқ” МФЙ аҳолиси учун янги нимстанциянинг ишга туширилиши унутилмас тарихий воқеага айланди. Бу ерда Президентимиз ташрифидан сўнг туман миқёсида асрга татигулик ишлар қилинди, хусусан, биргина электр энергияси таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли аҳоли хонадонлари нурга тўлиб, уларнинг бугунги кундан розилиги ошиб бормоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси У. Мустафоев нимстанцияда амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб, хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманда 34 та турли қувватдаги 6-10/0,4 кВли трансформатор пункти ва 51,2 км 0,4-6-10 кВли электр узатиш тармоқлари мукаммал, 30 та турли қувватдаги 6-10/0,4 кВли трансформатор пункти ва 65,9 км 0,4-6-10 кВли электр узатиш тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилгани ҳақида сўзлаб берди.
Шундан сўнг, "Фарғона ҲЭТК" АЖ бош директори Д. Джалилов томонидан соҳада қилинган ишлар бўйича тақдимот ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661 сонли қарори асосида жами 111,6 км узунликдаги 0,4-10 кВли электр узатиш тармоқлари ҳамда 46 дона трансформатор пункти қуриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани, юқоридаги каби саъй-ҳаракатлар натижасида Сўх тумани учун қўшимча 16000 кВА қувват яратилиб, 15000 дан зиёд истеъмолчининг электр энергия таъминоти янада яхшиланишига эришилганига алоҳида тўхталди.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.