ҚУВА ТУМАНИ “КАТТАҚИШЛОҚ” МФЙДА ДАСТУР АСОСИДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНМОҚДА
«Фарғона ҲЭТК» АЖ тасарруфидаги Қува туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида »ги ПҚ-2661 сонли қарори ижросига асосан электр тармоқларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, туманнинг “Каттақишлоқ” МФЙ аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлаш, маҳалла ҳудудидаги 198-сонли трансформатор пункти юкини камайтириш мақсадида бу ерга лойиҳа асосида бир дона қуввати 160 кВА бўлган янги замонавий трансформатор пункти олиб келиб ўрнатилди.
Шу кунгача ушбу трансформатор пунктига қадар бўлган 0,7 км узунликдаги 10 кВли электр узатиш тармоқлари тортилди. Бундан ташқари, ҳудудда янги 0,4 кВли электр узатиш кабель тармоғини қуриш мақсадида 47 дона темир-бетон таянч ўрнатиш ишлари амалга оширилган бўлиб, мутахассислар томонидан 2,1 км узунликдаги 0,4 кВли кабель тармоғи тортиш ва монтаж ишлари ниҳоясига етмоқда.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа асосидаги ишлар якунига етгач МФЙ ҳудудидаги 140 дан ортиқ истеъмолчининг электр таъминоти янада яхшиланишига эришилади.
Бу каби дастур асосида амалга оширилаётган ишлар туманнинг “Пахтакор”, “Тошховуз” ҳамда “Маданият” МФЙларида ҳам давом этмоқда.
«Фарғона ҲЭТК» AЖ матбуот хизмати.