“САМАНБАЙ” МФЙ ҲУДУДИДА ЯНГИ ТЕМИР-БЕТОН УСТУНЛАР ЎРНАТИЛДИ
Пандемия даврида ҳам мамлакатимизда кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қатори электр энергияси таъминотини яхшилаш борасида ишлар жадал олиб борилмоқда.
“Қорақалпоқ ҲЭТК” АЖ энергетиклари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йиллар даврида паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2661 сонли қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликдир.
Нукус шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан “Саманбай” МФЙ ҳудудидаги қатор кўчаларда талабга жавоб бермайдиган ҳаво линиялари янгиларига алмаштирилмоқда. Хусусан, куни кеча ҳудуддаги “Давқара” кўчасидаги эски симёғочлар ўрнига янги темир-бетон устунлар ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Бу эса, ўз навбатида, яқин кунлар ичида 60 та аҳоли хонадонини сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
“Қорақалпоқ ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.