СОҲА ХОДИМЛАРИ ЗИММАЛАРИДАГИ ВАЗИФАЛАРНИ МАСЪУЛИЯТ БИЛАН АДО ЭТМОҚДА
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш Дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661 сонли қарори ижроси юзасидан “Андижон ҲЭТК” АЖ томонидан жорий йилдаги режага асосан аҳоли, саноат ҳудудлари ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, тармоқларни модернизация, реконструкция қилиш билан биргаликда кўплаб янги қурилиш лойиҳаларини тизимли олиб бориш ишлари белгиланган.
Шу маънода, барча ҳудудларда бўлгани каби карантин даврида Қўрғонтепа туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан аҳоли фаравонлигини янада юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни жадал суръатларда олиб бориш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда корхона томонидан 34863 та аҳоли ва 1140 дона юридик истеъмолчига хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Давлат дастури доирасида 2020 йилда аҳолини электр энергияси таъминотига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида туман марказларида узунлиги 49,2 км 10/0,4 кВли электр тармоғини янги қуриш ва реконструкция қилиш, 19 дона янги трансформатор пункти ўрнатиш, 76 км 10/0,4 кВли ҳаво тармоғи ва 31 дона трансформатор пунктини мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда Қурғонтепа туманида белгиланган режага асосан трансформатор пункти ўрнатиш ва эски сим ёғочларни алмаштириш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда. Бундан ташқари, ўтган 6 ой давомида 12 та МФЙ ўрамида 16,4 кмдан зиёд тармоқ янги қурилиб, реконструкция қилингани ҳамда 5 дона трансформатор пункти янги ўрнатилганини қайд этиш жоиз.
2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида узунлиги 44,6 км 10/0,4 кВли тармоқ ва 17 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилгани натижасида 3,5 мингдан зиёд аҳолининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланди.
Бу каби ишлар замирида, энг аввало, халқ фаровонлиги, аҳолининг тинчлик-осойишталиги ва тотувлик муҳитини сақлашда барча соҳа ходимлари зиммасидаги вазифаларни масъулият билан адо этиши мақсади ётибди, албатта.
"Андижон ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.