СЎХ ТУМАНИДА ЯНГИ “РУШНОИЙ” НИМСТАНЦИЯСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Маълумки, бугун Сўх туманида Республика ҳукумати ва бевосита Президентимизнинг эътибори ва ташаббуси туфайли ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиб бериш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда. Айниқса, тумандаги электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар босқичма-босқич ҳал этилиб, аҳолининг соҳа ходимларидан миннатдорлиги ошаётгани эътиборга молик.
Хусусан, олиб борилган кенг қамровли ишлар натижасида куни кеча Сўх туманида электр энергияси етказиб берувчи яна битта – янги “Рушноий” нимстанцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда янги 35/10 кВли нимстанциянинг улаш-созлаш ишлари охирига етказилиб, 3-сектор таркибига кирувчи “Қизилқиёқ” МФЙ аҳолиси учун бу унутилмас тарихий воқеага айланди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йилда Сўх тумани электр энергия истеъмолчилари таъминотини яхшилаш мақсадида 110/35/10 кВли “Девайрон” нимстанциясида 16 000 кВли Т-2 куч трансформатори ишга туширилиб, кучланиш берилди. 110/35/10 кВли “Тул” нимстанциясида 10 000 кВли Т-1 куч трансформатори ҳамда электр қурилмалари макаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, туман ҳудудидаги “Ғазнов”, “Сўх”, “Шарқобод” нимстанцияларида ҳам таъмирлаш ва демонтаж ишлари олиб борилиб, аҳолига электр энергияси таъминотида қўшимча қулайликлар яратилди.
Нимстанция фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тақдимот маросимида маҳалла нуронийлари, вилоят соҳа вакиллари ва туман ЭТК ишчи-ходимлари қатнашди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмўсаев бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида туман миқёсида асрга татигулик ишлар олиб борилаётгани, хусусан, ҳудудда биргина электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб, ҳудуд аҳлини ушбу шодиёна билан табриклади.
Ҳақиқатан ҳам, бугун мамлакатимизда пандемияга қарши кураш кетаётган бир пайтда, туманимизда Юртбошимизнинг ғамхўрликлари туфайли эътироф этишга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, бизнинг маҳалламизда мавжуд трансформаторларнинг маънан эскирганлиги ва паст кучланишда бўлганлиги сабаб шу кунга қадар туман миқёсида электр энергияси таъминотида қатор муаммолар юзага келган. Энергетикларимиз саъй-ҳаракати туфайли иккинчи сектор ҳудудидаги Сариканда маҳалласининг бир қисми, Қизилқиёқ, Шарқобод, Ҳушёр, Себзор, Қақир маҳаллалари ўзларининг нимстанцияларига эга бўлишди. Мен бутун учиничи сектор аҳолиси номидан муҳтарам Президентимиз, қолаверса соҳа заҳматкашларига бунинг учун ўзимнинг миннатдорлигимни билдирмоқчиман, – деди тадбирда сўз олган отахон Тўйчибой Сафархўжаев.
Карантин талабларига тўла риоя этган ҳолда янги нимстанциянинг фойдаланишга топширилиши маросими кузатув биносига ўрнатилган замонавий чироқнинг порлаши билан бошланди. Туман электр таъминоти корхоналари ишчилари томонидан берилган старт барча иштирокчиларнинг кўнглига байрамона кайфият улашди десак, муболаға бўлмайди.
Маълумот ўрнида: айни кунгача туманда электр энергияси таъминотини яхшилаш учун давлат ҳисобидан 3 миллиард 528 миллион сўм маблағ сарфланди. Янги нимстанциянинг фойдаланишга топширилиши билан қўшимча 16 000 кВА қувват яратилиб, 15 000 нафардан зиёд истеъмолчининг электр энергиясига бўлган талаби қондирилди.
Дарҳақиқат, янги “Рушноий” нимстанцияси маҳаллий аҳолига ҳақиқий рушнолик бағишлаб, уларнинг нурли манзиллар сари илдам одимлашига хизмат қилишига ишонамиз.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.