ЧИЛОНЗОРДА ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИ АСОСИДА 500 ДАН ОРТИҚ АҲОЛИ ХОНАДОНИНИНГ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги фармонига асосан, Тошкент шаҳрида «Обод маҳалла» Давлат дастурлари ижроси доирасида пойтахт аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси тубдан яхшиланиб, турмуш даражаси ошиб бормоқда. Чилонзор туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам айнан ана шу эзгу мақсадга қаратилган. Хусусан, тумандаги «Дўмбирабод» маҳалласи ҳудудида жойлашган 1943-сонли трансформатор нимстанцияси фидер «Майсазор»дан таъминланувчи паст кучланишли 0,4 кВ ҳаво тармоқларидаги эски алюминий симларни 2000 метрдан ортиқроқ янги замонавий СИП кабелларига алмаштирилиши натижасида ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган 100 дан ортиқ аҳоли хонадонининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланишига эришилди.
Маълумки, вақт ўтиши билан истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талаби ортиши ҳамда ҳудудларда янги тадбиркорлик субъектларининг ташкил топиши мавжуд трансформатор пунктларининг ўта юклама билан ишлашига олиб келади. Шуни инобатга олган ҳолда, белгиланган Давлат дастурлари ижроси юзасидан эндиликда туман электр таъминоти корхонаси томонидан «Навбаҳор» МФЙ ҳамда «Бешқўрғон» МФЙ ҳудудларидаги фидер «Осмон» узатмасидан таъминланувчи юқори кучланишли 6 кВ қувватга эга бўлган кабель тармоғини янги, қўшимча юқори кучланишли қуввати 630 кВА бўлган трансформатор пунктига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Натижада ушбу маҳаллалардаги 400 дан ортиқ хонадоннинг сифатли электр энергиясига бўлган талаби қондирилади.
Чилонзор туман электр таъминоти корхонаси мутасаддиларининг таъкидлашича, бу каби ишлар аниқ белгиланган чора-тадбирлар ва карантин қоидалари асосида олиб борилиб, пировардида истеъмолчиларни сифатли ҳамда ишончли электр энергияси билан таъминлашга қаратилгандир.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.