ALOQA UCHUN

“ДИСПЕТЧЕРЛАР ТЕЛЕФОНИ ДОИМ БАНД”... ЁҲУД ТАНГАНИНГ БОШҚА ТОМОНИ

“ДИСПЕТЧЕРЛАР ТЕЛЕФОНИ ДОИМ БАНД”...

ЁҲУД ТАНГАНИНГ БОШҚА ТОМОНИ

“Кечқурун ишдан чарчаб келиб телевизор қаршисида ҳордиқ чиқармоқчи бўлдим. Бирдан чироқ ўчди-ю барча режаларим чиппакка чиқди. Муаммо нимадалигини билиш мақсадида ҳудудимиздаги электр энергияси диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилдим. Аммо... Банд! Бир неча бор уринишларимга қарамай, боғланолмадим”.

Электр энергияси соҳасида учраб турадиган мурожаатлардан бири.  

Хўш, нима учун диспетчерлик хизмати телефон рақамлари кўп ҳолларда банд бўлади? Бугун Хоразм вилояти мисолида бу ҳақда қисқача тўхталсак.

Маълумки, электр энергияси таъминотида турли сабабларга кўра, яъни аварияли ва режали (таъмирлаш ишлари билан боғлиқ) ўчишлар бўлади. Бунинг сабаблари ва тафсилотлари ҳақида “Хоразм ҲЭТК” АЖнинг https://t.me/xorazmhet расмий телеграм канали орқали истеъмолчиларни мунтазам хабардор қилиб бориш йўлга қўйилган.

Ўчишларга келсак, бунинг сабаблари инсон омили, яъни эҳтиётсизлик оқибатида электр устунлари ва қурилмаларига шикаст етказилиши билан боғлиқ, ёҳуд об-ҳаво инжиқликлари туфайли дарахт шоҳлари электр симларига қулаши, муҳофаза зоналарида  жойлашган симлар атрофидаги шоҳларнинг кесилмагани ва бошқа шу каби омиллар электр таъминотида вақтинча узилишларга сабаб бўлиши мумкин.

Дейлик, электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди. Бундан, энг аввало, тегишли ҳудуддаги электр таъминоти корхонасининг тезкор диспетчерлик хизмати (бундай бўлимлар барча туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарида мавжуд) ходимлари хабар топиб, ҳолат юзасидан вилоят тезкор диспетчерлик хизмати масъул навбатчисига маълумот беришади. Вазият синчковлик билан ўрганилиб, қандай чора кўриш зарурлиги режалаштирилади. Бунда авария бўлган ҳудуднинг жойлашган жойи, қандай техникалар жалб қилиниши кераклиги, қанча ходим зарур, керакли мутахассис айни дамда борми (ушбу вақтда соат тунги 23.00 бўлиши ҳам мумкин), авария натижасида яна қайси ҳудудларда электр энергиясида узилишлар бўлмоқда, бу ерда ижтимоий муҳим объектлар (шифохона, ички ишлар идораси ва ҳоказо) мавжудми каби саволларга қисқа муддатда жавоб топиш ва тезкор режа ишлаб чиқиш лозим. Бунинг учун эса навбатчи диспетчер доим тизимдаги ходимлар билан алоқада бўлиши, авария ҳудудидаги навбатчидан мунтазам маълумот олиши керак.

Қолаверса иш жараёнида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун электр энергиясини ажратиш масаласи ҳам жуда муҳимдир. Ўйлаб кўринг, бундай ҳолатда, Аллоҳ асрасину, тезкор диспетчерлик хизмати навбатчи ходими истеъмолчиларнинг мурожаатларига телефонда жавоб бериб, иш бўлаётган ҳудуддаги электр энергиясини ажратмаса нима бўлади?! Оиласи, фарзандлари кутаётган электр монтёрининг ҳаёти гаровда ахир...

Ҳа, тезкор диспетчерлик хизмати ходимлари юқоридаги саволларга жавоб топиб, авария жойига ходимларни тақсимлаб, амалий ишлар бошлангандан кейингина истеъмолчилардан келаётган телефон қўнғироқларига жавоб бериши мумкин. Буни эса айрим истеъмолчиларимиз билишни ҳам, эшитишни ҳам хоҳламайди. Уларга фақат қачон электр энергияси таъминоти тикланиши қизиқ...

Нима бўлганда ҳам соҳа заҳматкашлари аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиб бериш йўлида ўз фаолиятларини сидқидилдан олиб бораверадилар. Истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш орқали турмуш фаровонлигини янада ошириш, уларни рози қилиш барча энергетикларимиз шиорига айланган.

Шу ўринда истеъмолчиларимизга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан тезкор диспетчерлик хизматида ўчишлар вақтида телефонлар банд бўлиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида бугунги кунда 1154 қисқа рақамли “Call-markaz” фаолияти йўлга қўйилганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Бундан ташқари, “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида https://t.me/xorazmhet мулоқот гуруҳи ташкил қилинди. Тўғридан-тўғри жамият директори билан боғланиш мумкин бўлган ушбу гуруҳ орқали эндиликда Хоразм вилояти бўйича электр энергияси борасидаги ҳар қандай савол ва мурожаатларга куну тун тезкорлик билан жавоб олишингиз мумкин. Йўлланаётган муаммолар ўз вақтида имкон қадар тезкорлик билан бартараф қилинади.

 “Хоразм ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 23.06.2020
  • 3852
Sayt xaritasi