АНДИЖОНДА АҲОЛИ ХОНАДОНЛАРИНИНГ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНМОҚДА
“Андижон ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги барча электр таъминоти корхоналари томонидан электр тармоқларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, қурилмаларни техник кўрикдан ўтказиш, ҳаво тармоқлари ва таянч устунларини монтаж-демонтаж, нимстанцияларни кузги-қишки даврда бенуқсон ишлаши учун реконструкция ва модернизация ва бошқа қатор ишлар тизимли, белгиланган режа-жадвал асосида хавфсизлик ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661 сонли қарори ижросига асосан, Андижон туманидаги “Зангибобо” маҳалласи “Порлоқ” кўчасида яшовчи аҳоли хонадонларининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида, 1 дона куввати 100 кВА бўлган трансформатор пункти ўрнатиш, 1 км узунликдаги 0,4 кВли замонавий СИП кабель ва 0,4 км узунликдаги 10 кВли ҳаво тармоқлари тортиш ишлари якунланди. Шу билан бирга, “Гузар” МФЙ ҳудудига 1 дона қуввати 250 кВА бўлган трансформатор пункти, 1,5 км узунликдаги 0,4 кВли замонавий СИП кабель ва 0,2 км узунликдаги 10 кВли ҳаво тармоғи тортилди.
Умуман олганда, 2020 йил давомида Андижон ТЭТК тасарруфидаги таъмирталаб 158,5 км 10/0,4 кВ кучланишли ҳаво электр тармоқлари ва 63 дона трансформатор пунктини тўла таъмирлаш чораларини кўриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 18 дона трансформатор пункти ҳамда 49,6 км узунликдаги 04-10 кВли электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил май ойига қадар истеъмолчиларга 335 млн кВт/с сифатли электр энергияси етказиб берилди.
Қўрғонтепа туман электр таъминоти корхонаси ходимлари ҳам аҳолини сифатли электр энергиясига бўлган талабини қондириш мақсадида “Навбахор” МФЙ ўрамида темир-бетон таянчлар ўрнатиш ишларини олиб бормоқдалар. Бу каби кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ҳудуд янада обод, кўркам масканга айланмоқда.
"Андижон ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.