СЎХЛИКЛАР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАРДАН МАМНУН
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида вилоятнинг чегарадош ҳудуди бўлган Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди.
Шундан сўнг, тезкорлик билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ташаббуси билан “Фарғона ҲЭТК” АЖ мутасаддилари томонидан тумандаги электр таъминоти билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш орқали маҳаллий аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, истеъмолчиларнинг бу борадаги эҳтиёжларини қондириш борасида кўплаб таклифлар асосида аниқ дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳозирда белгиланган дастур асосида босқичма-босқич қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, қисқа вақт ичида Сўх туманига олиб келинган зарур электр қурилма ва жиҳозлар ёрдамида “Офтобру”, “Шарқобод”, “Навобод”, “Тул”, “Чашма”, “Сарибозорча” ҳамда “Ҳушёр” МФЙлар ҳудудларида янги трансформатор пунктлари, янги темир-бетон таянчлари ўрнатиш, замонавий 0,4 кВли электр узатиш кабель тармоқлари тортиш ишлари бажарилмоқда.
Бундан ташқари, жойлардаги мавжуд электр қурилмаларнинг узоқ йиллар соз ҳолатда ишлашини таъминлаш мақсадида мукаммал таъмирлаш ишлари ҳам жадаллик билан амалга оширилиб, трансформатор пунклари тўлиқ таъмирдан чиқарилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жойларда олиб борилаётган ишларнинг хавфсиз, ўз вақтида бажарилиши “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти томонидан назоратга олинган.
Сўх туманининг электр таъминоти яхшиланиши борасида қилинаётган бу каби ишлар, ишонамизки, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш, уларнинг ҳар бир ўтаётган кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.