КЎЧА ЧИРОҚЛАРИ, ЯНГИЛАНАЁТГАН ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ЖИҲОЗЛАРИ ВА ҚЎШИМЧА ТАРМОҚЛАР...
Сирдарёда электр таъминотини янада яхшилашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида юзага келган сув тошқини оқибатида электр таъминотида юзага келган узилишларни бартараф этиш, хусусан, зарар кўрган ҳудудларнинг кўча чироқларини ўрнатиш, аҳоли яшаш пунктларини қайта электр таъминотига улаш, шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳамда янги қурилаётган массивларни зарур ҳолларда электр энергияси билан таъминлаш бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг малакали муҳандислари ва ишчи-ходимлари томонидан зарур амалий ишлар олиб борилмоқда.
Оқолтин тумани “Саховат”, “Шодлик”, “Аҳиллик” маҳаллаларида шикастланган хонадонлар (қурилиш объектлари)да таъмирлаш ишларини олиб бораётган қурувчиларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида вақтинчалик электр тармоғига улаш борасида қилинаётган ишлар бунга мисол бўла олади. Бундан ташқари мазкур ҳудудларда жами 123 дона кўча ёритиш чироқларини ўрнатиш орқали аҳоли турмуш фаровонлиги оширилмоқда.
Бу борадаги ишлар вилоятнинг Сардоба тумани “Қўрғонтепа”, “Юртдош”, “Дўстлик” маҳаллаларида ҳам тизимли олиб борилмоқда. Хусусан, электр ускуналарда авариявий ҳолатлар содир бўлишини олдини олиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилиб, мазкур ҳудудларда электр таъминоти ускуналарини таъмирлаш-тиклаш доирасида 53 дона кўча ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Энергетикларимизнинг ғайрат-шижоати туфайли Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат” ва “Навбаҳор” маҳаллаларидаги аҳоли яшаш жойлари электр таъминоти яхшиланмоқда. Қурилиш майдонига айланган объектлар, янги барпо этилаётган турар жойларни электр энергияси билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу ерда ҳам 125 дона кўча ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Маълумот ўрнида, олиб борилган амалий ишлар натижасида шу кунга қадар шикастланган 3 дона нимстанция, 105 дона трансформатор пункти, 343,96 км электр узатиш тармоқлари ҳамда 6 254 та электр устунида таъмирлаш-тиклаш ниҳоясига етказилди.
Ҳудудларда электр таъминотини янада яхшилашга қаратилган ҳаракатлар давом этмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати