МУРОЖААТЛАР ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА
«Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ тасарруфидаги барча туман электр таъминоти корхоналари ишчи-хизматчи ходимлари томонидан юртимизда давом этаётган карантин даврида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида, ер остидан ўтган кабель тармоқларидаги авария ҳолатларини аниқлаш ва жойлардаги мавжуд электр энергиясини тақсимлаш трансформатор пунктларининг доимий назоратини олиб бориш каби муҳим вазифалар бажарилмоқда.
Бундан ташқари, Авария-диспетчерлик хизматига аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича мунтазам чора-тадбирлар олиб бориляпти. Ҳар бир туман электр таъминоти корхоналарида мурожаатларни вақтида ижобий ҳал этиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, бириктирилган хизмат автотранспортлари мавжуд бўлиб, фаолият давомида санитария-гигиена қоидаларига мунтазам риоя қилинади.
Хусусан, Чилонзор туман электр таъминоти корхонасига Чилонзор тумани «Чилонзор-1» мавзесида жойлашган 33-уйнинг ТП-1024-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи паст кучланишли 04 кВли кабель тармоғидаги ҳамда «Чилонзор-3» мавзесидаги ТП-882-сонли трансформатор пунктидаги паст кучланишли 0,4 кВли ер остидан ўтган кабелда узилиш содир бўлиши ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатлар зудлик билан ижобий ҳал этилди ва электр таъминоти қайта тикланди.
Биласизки, электр токи билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ниҳоятда муҳим. Шу маънода мурожаатлар бўйича жойларга чиқишдан олдин, албатта, ҳар бир ишчи-ходимга бу борада йўриқномалар берилади. Бундан ташқари аҳоли ўртасида ҳам электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, айниқса, ёш болаларни электр симларидан эҳтиёт қилиш муҳимлиги каби огоҳлантириш ва тушунтиришлар бериб борилади, – дейди Чилонзор туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Б. Холбоев.
Таъкидлаш жоизки, Чилонзор туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан тумандаги барча маҳаллалар ҳудудини электр энергияси билан таъминловчи 0,4-10 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари хамда трансформатор пунктлари мунтазам тўлиқ кўрикдан ўтказилмоқда.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати