ALOQA UCHUN

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ БОШҚАРУВ РАИСИ УЛУҒБЕК МУСТАФОЕВ “АНДИЖОН ҲЭТК” АЖ МЕҲНАТ ЖАМОАСИ ВА ЁШЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ БОШҚАРУВ РАИСИ УЛУҒБЕК МУСТАФОЕВ “АНДИЖОН ҲЭТК” АЖ МЕҲНАТ ЖАМОАСИ ВА ЁШЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Дунёда шундай касблар борки, инсондан қанчалик машаққат, сабр-қаноат ҳамда матонат талаб этсада, у ўз касбини севишдан чарчамайди. Буюк ёзувчилардан бири шундай деган экан: "Ҳаётда сиз учун энг севимли бўлган касбни танласангиз ва шу иш билан шуғуллансангиз, Сиз уни ҳеч қачон иш деб ҳисобламайсиз”. Агар инсон ўз севган соҳасида меҳнат қилаётган бўлса, у ҳеч қачон ишга кетаяпман, демайди. Инсоннинг ўз севган касби билан шуғулланиши ўзига завқ, хурсандчилик, шижоат, рағбат ҳамда маънавий озуқа беради, – деди ўзининг кириш сўзида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев “Андижон ҲЭТК” АЖ меҳнат жамоаси ва ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда.  

Бошқарув раиси сўзида давом этар экан, эрталаб уйғонганингда ишга хурсанд бўлиб шошиб бориш ва кеч тушгач уйинга, севимли оиланг бағрига шошиб кетиш, шунинг ўзи бахтдир, дея таъкидлади. Демакки, барчамиз бахтлимиз.

Тадбирда бугун бутун дунёни ташвишга солган COVID-19 пандемияси туфайли қатор соҳалар карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатиб қўйгани таъкидланиб, бироқ шундай вазиятга қарамай тармоқ ишчи-ходимлари аҳолига узлуксиз электр энергияси етказиб бериш учун тунни кунга улаб ишлаётгани ҳақида гапирилди. "Андижон ҲЭТК" АЖ жамоаси ҳам ана шундай жонбозлик кўрсатаётганлардандир. Шу маънода, уларга сабр-бардошли бўлиб шу кунлардан тезроқ ўтиб олиш учун янада жипслашган ҳолда фаолият юритишда давом этиш кераклиги ҳақида фикр билдирилди.

Бошқарув раиси Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида юз берган талафот ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Албатта, бундай оғир кунларда ҳеч ким четда қараб турмайди. Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ишчи-ходимлари ҳам техноген офат юз берган ҳудудга, сирдарёликларга ёрдамга шошилишди. Улар сафида андижонлик энергетикларимиз ҳам бор. Талафот юз берган ҳудудларда электр тармоқларини тиклаш ишларида фидокорона хизмат қилаётганлиги учун уларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Учрашув самимий мунозара руҳида ўтди. Хусусан, У. Мустафоев жамоа ёшларига юзланиб, ҳозирги  замон билимли, интилувчан, ақлли ёшларники эканлиги, модомики шундай экан, улар доим изланиши, ўрганиши, юқори марраларни забт этишга интилиши кераклигини уқтириб ўтди. Ҳозир барча соҳаларда бўлгани каби, энергетика соҳасига ҳам рақамли иқтисодиёт кириб келаётгани, жумладан, Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5761сонли фармонига асосан, Андижон вилоятида ҳам электр энергияси ҳисоб-китобини назорат қилиш тизими жорий қилинаётгани ва эндиликда истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар инсон омилларисиз амалга оширилишига қаратилган тизим йўлга қўйилаётгани ва уни, албатта, билими кучли, салоҳиятли ёшлар бошқариши кераклигини айтиб ўтди.

Суҳбат давомида Улуғбек Мустафоев "Андижон ҲЭТК" АЖ бош директори А. Жўраевнинг соҳани янада ривожлантириш борасида олиб бораётган фаолиятига тўхталиб, яхши раҳбар бўлиш учун, аввало, у киши ўзи интизомли ва энг муҳими адолатли бўлиши кераклигини таъкидлади.

Тадбир сўнгида бундай очиқ мулоқотлар руҳидаги учрашувларни тез-тез ўтказиб туриш кераклиги ҳақида келишиб олинди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ,

“Андижон ҲЭТК” АЖ матбуот хизматлари.

  • 21.05.2020
  • 5077
Sayt xaritasi