СУРХОНДАРЁЛИК ЭНЕРГЕТИКЛАР ҚОРАКЎЛДА ҲАМЖИҲАТЛИК НАМУНАСИНИ КЎРСАТИШМОҚДА
Маълумки, шу йилнинг 27 апрель куни рўй берган табиий офат Бухоро вилоятининг бир қатор шаҳар ва туманлари, хусусан, Олот ва Қоракўлдаги маданий-маиший иншоотлар, турар жойлар, экин майдонлари, алоқа, табиий газ таъминоти ва электр энергия тизимига жиддий зиён етказди.
Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, ҳар иккала туман ҳудудида таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Табиий офат оқибатларини бартараф этишга "Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятининг 26 кишидан иборат ёрдам гуруҳи ҳам сафарбар этилган. Улар томонидан ҳозирга қадар 220/35/6 кВ ёрдамчи станция Ф-зиёрат 6 кВли ҳаво тармоғидаги 70 дан ортиқ йиқилган ва синган таянч устунлари алмаштирилди. 50 дан зиёд трансформаторга кучланиш берилди.
Бундан ташқари 35/10 кВ ёрдамчи станция ХЗК Ф-сайёт-2 ҳаво тармоғининг 2 км масофадаги яроқсиз ҳолга келган таянчлари тикланиб, 4 та трансформатор пунктига кучланиш берилди. Шунингдек, ушбу ёрдамчи станциядан чиқувчи 10 кВ Ф-Навоий тармоғига уланган 6 та трансформатор пунктининг 0,4 кВли электр тармоғининг йиғилган таянчлари тикланиб, кучланиш берилди.
Бугунги синовли кунлар халқимизни ўзаро бирлаштириб, ҳар қандай қийинчиликни ҳамжиҳатликда енгишга ундамоқда. Сурхондарёлик электр энергия тизими ходимларининг Қоракўл туманида олиб бораётган беминнат ёрдами ана шундай ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва инсонпарварликнинг намунаси сифатида юз кўрсатмоқда.
“Сурхондарё ҲЭТК” матбуот хизмати.