ЁШ ЭНЕРГЕТИКЛАР САРДОБАДАГИ ТАЛАФОТ ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА ФАОЛЛИК КЎРСАТИШМОҚДА
Айни кунларда Сирдарё вилоятида сув тўғонининг ўпирилиши туфайли Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги талафот оқибатларини бартараф этиш учун сирдарёликларга ёрдамга етиб келган қатор ташкилот ва корхоналар ишчи-ходимлари томонидан реконструкция ва модернизация ишлари олиб борилиши натижасида ҳудуд инфратузилмаси аста-секинлик билан оёққа турмоқда.
Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги корхоналарнинг малакали мутахассислари билан елкама-елка меҳнат қилаётган ёш энергетикларимиз Сирдарё вилоятида электр таъминотини тиклаш борасида олиб бораётган амалий ишлари замирида маҳаллий аҳолини аввалги турмуш тарзига тезроқ қайтариш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш каби эзгу истак ётибди. Ушбу хайрли ишларда турли вилоятлар ҳудудий электр тармоқларининг ёш энергетиклари алоҳида ғайрат-шижоат билан ишламоқда.
Хусусан, Фарғона, Наманган, Андижон ва Сирдарё вилоятлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ходимлари орасида 100 дан ортиқ ёш энергетикларнинг борлиги таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти аъзолари бўлган ишчи-ходимлар томонидан айни кунда “Сардобани гуллаган диёрга айлантирамиз” шиори остида ишлар давом эттирилмоқда.
Энергетика соҳасини танлаб бугун шу йўналишда фаолият олиб бораётганимдан фахрланаман. Бошқа тенгдошларим қатори сирдарёликларга ёрдамга келиб электр энергиясини тиклаш ишларида қатнашаётганим, шу орқали бундай хайрия ишларига камтарона ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман, – дейди "Фарғона ҲЭТК" АЖ ёш мутахассиси Абдулхай Маъруфжонов. – Умид қиламанки, тез орада маҳаллий аҳоли ўз турар жойларига, чироқлари порлаб турган янги уйларига қайтадилар.
Маълумот ўрнида, айни пайтда ҳудуддаги тиклаш ишларига 51 та таъмирлаш бригадасидан 300 га яқин малакали соҳа ходими, 32 та махсус ва 60 та хизмат автомашинаси жалб қилиниб, ҳозиргача 2 та нимстанция, 96 та трансформатор пункти ва 271,6 километр электр узатиш тармоқлари, 4 минг 768 та электр устуни ўрнатиш ишлари якунланди.
Айни пайтда электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.