“ҚАШҚАДАРЁ ҲЭТК” АЖ: ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИ ИЖРОСИ – АМАЛДА!
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, шаҳар ва қишлоқларнинг инфратузилмасини янада яхшилашга қаратилган қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинмоқда.
Шунга асосан “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан жойларда самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги ПФ-5386 сонли фармони ижроси доирасида 2020 йил режа-дастурига асосан, Яккабоғ тумани “Сандал” МФЙ Янгиқўрғон ва Қорасув қишлоқлари ҳудудида электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида янги темир-бетон устунлари ўрнатилиб, 5,6 км узунликдаги 0.4-10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларида янги қурилиш, реконструкция-модернизация ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, қуввати 100 кВА бўлган икки дона трансформатор пункти ўрнатилди.
Косон тумани “Ушоқтепа” МФЙ ҳудудида ҳам айни Дастурга асосан электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида белгиланган режалар доирасида бир дона қуввати 160 кВА ва уч дона қуввати 100 кВА бўлган замонавий трансформатор пункти ўрнатилди. Ҳозирда 0,4-10 кВли электр узатиш тармоқларида янги қурилиш, реконструкция ва модернизация ишлари бажарилиб, режалаштирилган ишлар якунланмоқда.
Маълумки, паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва реконструция қилиш орқали аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси сифатини ошириш, соҳанинг замон талабларига асосан ривожланишига эришиш мумкин. Бунда Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларга мўлжалланган паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661-сонли қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Мазкур қарор асосида Китоб туманининг “Санам” МФЙ ҳудудида қуввати 160 кВА бўлган бир дона трансформатор пункти янгидан ўрнатилиб, айни кунларда темир-бетон устунлари монтаж қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ҳудудда жами 1,5 км узунликдаги 6-10 кВ кучланишли янги электр узатиш тармоғини қуриш ишлари режалаштирилган.
“Қашқадарё ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.