Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 май куни ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда иқтисодиётни кескин ривожлантириш бўйича катта мақсадлар белгиланган. Бунинг учун янги энергия қувватларини ишга тушириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш талаб этилади.
Масалан, юртимизда минг долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун ривожланган давлатларга нисбатан 2-3 баробар кўп энергия сарфланади. Нефть маҳсулотларига йиллик талабнинг 44 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда.
Шу боис йиғилишда яқин йилларда энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.
Оммабоп қишлоқ хўжалиги техникаси ва юк автомобилларини газга мослашган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 40 фоизи биноларни иситиш ва ёритишга сарфланади. Бу жараёнда исрофгарчилик ҳам кўп. Масалан, 1 квадрат метр майдонни иситиш учун юртимизда ўртача 400 киловатт-соат, иқлим шароити бизга яқин ривожланган давлатларда эса 170 киловатт-соат энергия ишлатилади.
Шу боис кўп қаватли уйларни лойиҳалаш ва қуришда энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини оширишга хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Саноатдаги энергия сарфи ҳам таҳлил қилинар экан, ҳар бир соҳа ва тармоқ кесимида ушбу ресурсни тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Халқаро энергоаудит ташкилотларини жалб қилиб, 285 та йирик саноат корхонасининг энергия самарадорлигини ўрганиш, уч сменада иш ташкил этган тадбиркорларга кечки смена учун электр тарифини 1,5 баравар камайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Электр энергияси ҳамда табиий газ сарфини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини янада кенг жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Карантин сабабли ёқилғи-энергетика корхоналарида маблағ танқислиги вужудга келишини инобатга олиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, айланма маблағларини кўпайтириш чора-тадбирлари белгиланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.