ЭНЕРГЕТИКЛАРИМИЗ УЮШҚОҚЛИГИ “САРДОБА” СУВ ОМБОРИ ТАЛАФОТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА
“Сардоба” сув омборидаги анчли воқеаларга қарийб 14 кун бўлади. Шу вақт орасида сирдарёликларга талафот оқибатларини бартараф этиш учун ёрдамга етиб келган қатор ташкилот ва корхоналар ишчи-ходимлари томонидан реконструкция ва модернизация ишлари уюшқоқлик билан олиб борилиши натижасида ҳудуд инфратузилмаси аста-секинлик билан тикланмоқда. Энергетикларимиз шижоати бу борада алоҳида таҳсинга лойиқ. Ахир маҳаллий иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий объектлар ишлаши, аҳолининг аввалги турмуш тарзига қайтиши учун электр энергияси таъминоти жуда муҳимдир.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан олиб борилган тезкор чоралар вилоятнинг тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги жиддий зарар кўрган маҳаллаларида электр энергиясида вужудга келган узилишларни қисқа муддатларда тиклашга имкон бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишлар учун 51 та таъмирлаш бригадасидан 300 га яқин малакали соҳа ходими, 32 та махсус ва 60 та хизмат автомашинаси жалб қилиниб, ҳозиргача 2 та нимстанция, 86 та трансформатор пункти ва 262,3 километр электр узатиш тармоқлари, 4 минг 768 та электр устуни ўрнатиш ишлари якунланди.
Куни кеча Оқолтин туманидаги “Саховат”, “Шодлик”, “Ахиллик” МФЙ ларда шикастланган 35/10 кВ кучланишли “Тоирова” нимстанцияси, электр узатиш тармоқлари ҳамда 2 дона трансформатор пунктини демонтаж қилиш ишлари ниҳоясига етказилди, – дейди "Сирдаре ХЭТК" АЖ Бош муҳандиси Зафар Турсунмуратов. – Ҳозирда Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” ва “Навбаҳор” маҳаллаларида 2,7 км узунликдаги электр узатиш тармоғи ва 3 дона трансформатор пунктини реконструция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари Сардоба тумани “Қўрғонтепа”, “Юртдош”, “Дўстлик” МФЙларда электр ускуналарда авариявий ҳолатлар содир бўлишини олдини олиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу каби амалий ишлар натижасида талафот кўрган 12 та аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди.
Айни пайтда электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.