ҲАМЖИҲАТЛИК САМАРАСИ: СИРДАРЁДА 12200 ДАН ОРТИҚ ИСТЕЪМОЛЧИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИГА ҚАЙТА УЛАНДИ
Аввал хабар берганимиздек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ҳамда Мирзаобод тумани ҳудудларида табиий офат натижасида электр энергиясида вужудга келган узилишларни тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Айни кунларга қадар 2 дона подстанция, 75 дона трансформатор пункти ва 244,4 км электр узатиш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиши натижасида электр таъминоти узилган 12200 та аҳоли хонадонининг электр энергияси билан таъминланишига эришилди.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, сув тошқини натижасида талафот кўрган 12 та аҳоли пунктида электр ускуналарига зиён етган бўлиб, бугунги кунда 9 та аҳоли пункти тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди. Шунингдек, Сардоба туманининг катта қисмини электр энергияси билан таъминловчи “Янги ҳаёт” подстанциясида дастлабки тозалаш ва таъмирлаш ишлари тугатилиб, фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди.
Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласи ҳудудидаги сув тошқини оқибатида йиқилган 187/63 кВА трансформатор пунктида қайта тиклаш жараёнлари олиб борилди. Айни пайтда мазкур тумандаги “Уч том” нимстанциясида ҳам таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида.
Айтиш ўринлики, сирдарёлик ҳамкасбларга кўмак кучи сифатида Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ходимлари томонидан ҳамжиҳатликда олиб борилаётган амалий ишлар натижасида талафот етган ҳудудларда белгиланган муддатларда электр таъминотидаги камчиликлар бартараф этилмоқда.
Сув тошқини содир бўлганидан хабар топгач, Сирдарёга зудлик билан етиб келиб талафот оқибатларини бартараф этишга киришдик. Ҳозирда Сардоба туманидаги “Шодлик” МФЙда белгиланган вазифаларни ҳамкасбларимиз билан муваффақиятли тугатдик, – деди “Наманган ҲЭТК” АЖ электр тармоқларини қуриш ва ривожлантириш ходими Р. Мамажонов. – Бугундан Мирзаобод туманидаги “Уч том” маҳалласида электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида тозалаш ва тиклаш ишларини бошладик. Ишонаманки, ҳамжиҳатликда албатта ҳар қандай синовларни енгиб ўтамиз.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.