АНДИЖОН ШАҲРИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАНМОҚДА
Бугунги кунда мамлакатимизда белгиланган кенг кўламли дастурларни ҳаётга татбиқ этишда Андижон шаҳар электр таъминоти корхонаси Бобур устачилик бўлими томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида режалаштирилган ишларни бажариш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Андижон шаҳридаги “Хурсандлик” МФЙда 506-сонли трансформатор пунктининг юкини енгиллаштириш учун қуввати 100 кВА бўлган қўшимча трансформатор пункти ўрнатилиб, 6 кВли 0,35 км узунликдаги 0,4 кВ тармоқ қурилди. Натижада 100 дан ортиқ хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди.
“Чўлпон 100 йиллиги” МФЙда эса 630-сонли трансформатор пунктининг 0,4 кВ тармоғини реконструкция қилиш ишлари олиб борилиб, маънан эскирган ёғоч таянчлар ўрнига 30 дан ортиқ бетон-таянч устуни ўрнатилди ҳамда 0,8 км узунликдаги тармоқ демонтаж қилинди.
Бундан ташқари, “Хурсандлик” МФЙда 504-сонли, Гумбаз МФЙда 472-сонли, "Шодлик" МФЙда 35-сонли, Олтинкўл туманидаги "Жалабек" МФЙда 503-сонли трансформатор пунктларининг юкини енгиллаштириш учун қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пунктини ишга тушириш учун 0,4-6 кВли ҳаво тармоқлари реконструкция қилиниб, бетон-таянчлар ўрнатилди. Айни пайтда ҳаво тармоғи қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудудларда бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида корхона ходимлари муҳофаза бўйича белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда фаолият юритмоқда. Ходимлар ҳимоя ниқоблари, тиббиёт қўлқоплари билан таъминланмоқда, объектларда дезинфекция ишлари белгиланган тартибда олиб борилмоқда. Энг асосийси, олиб борилаётган самарали ишлар натижасида карантин даврида ҳам аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларига электр энергияси етказиб беришда узилишларга йўл қўйилмаяпти.
Бир сўз билан айтганда, соҳа заҳматкашлари халқимизга хизмат қилишдек бурчни фахр туйғуси билан адо этишни давом эттирмоқдалар.
“Андижон ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.