САРДОБАДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ТИКЛАНГАН ИСТЕЪМОЛЧИЛАР СОНИ 3 МИНГДАН ОШДИ
Бағрикенглик, инсонпарварлик қон-қонимизга сингиб кетган туйғулардир. Бугун ватандошларимиз ана шундай синовли кунларда ўзаро жипслашиб, талафот кўрган юртдошларимизга беғараз ёрдамларини кўрсатмоқдалар. Техноген фалокатдан жабр кўрган сирдарёликларга ёрдамга ошиқмаган ташкилот, муассаса, жамоат бирлашмалари, қўйингки бирон киши қолмади, десак муболаға бўлмайди.
Хабарингиз бор, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бугунги кунда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ҳамда Мирзаобод тумани ҳудудларида табиий офат натижасида электр энергиясида вужудга келган узилишларни тиклаш, турли даражадаги техник авариявий ҳолатларни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда Фарғона, Наманган, Андижон ва бошқа вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ходимлари бу борадаги ишларга жалб этилган.
Хусусан, куни кеча ишчи-ходимлар томонидан Оқолтин тумани ҳудудида 20 дона трансформатор, узунлиги 71,8 км бўлган электр узатиш тармоғи қайта тикланди ҳамда фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, Сардоба туманининг катта қисмини электр энергия билан таъминловчи “Янги ҳаёт” подстанциясида дастлабки тозалаш ва таъмирлаш ишлари тугатилиб, шикастланган электр ускуналари тўлиқ кўрикдан ўтказилди ҳамда мазкур подстанциядан чиқувчи 10 кВли “Табассум” ҳаво тармоғида қуввати 160 кВА ва 250 кВАли трансформатор пунктлари ўрганилди. Шунингдек, “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги 10 кВли “Мактаб” ҳамда “Ғофур Ғулом” ҳаво линияларидаги шикастланган электр тармоқлари кўрикдан ўтказилиб, шикастланган электр тармоқлари демонтаж қилинди ҳамда тозалаш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида электр таъминотига қайта уланган истеъмолчилар сони 3 000 дан ошиб кетди.
Таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишларга жалб этилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия қўшинлари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида сувдан тозаланган ҳудудларда бугун яна ишлар давом эттирилади.
Айни пайтда Мирзаобод туманида ҳам электр таъминотидаги узилишларни тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.