СИРДАРЁДА ТАБИИЙ ОФАТ ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ МАҚСАДИДА ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН МАХСУС ТЕЗКОР ШТАБЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА
Сирдарё вилояти “Сардоба” сув омборидаги авария ва унинг оқибатида электр энергияси таъминотида вужудга келган узилишларни тез фурсатларда бартараф этиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларини сифатли амалга ошириш мақсадида “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Оқ олтин тумани электр таъминоти корхонаси ҳудудида тезкор штаб ташкил этилди.
Маълумки, Президентимизнинг табиий офат етган ҳудудларда бўлиб, жабр кўрган аҳоли вакиллари билан учрашуви чоғида ҳудудларда биринчи галда электр энергияси ва табиий газ таъминоти тез фурсатларда тикланиши ҳақида айтиб ўтган эди.
Айнан шу мақсадда ташкил этилаётган ҳамда туну кун давомида фаолият олиб бориши мўлжалланган штабларда фалокат натижасида ҳудудда электр таъминотини тиклаш ишларини лойиҳалаштириш ҳамда амалга ошириш, таъмирлаш жараёнларининг техник базасини шакллантириш, эҳтиёт қисмлар ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлашни ташкиллаштириш, шунингдек, махсус техникалар бошқарувини йўлга қўйиш каби масалалар ҳал этилади.
Бу борадаги вазифаларни бажаришда энергетика тизимига кирувчи барча ташкилот ва муассасалар ҳамкорликда самарали ишлар олиб бормоқдалар. Хусусан, таъмирлаш ишларида жонбозлик кўрсатаётган “Ўзтрансгаз” АЖнинг “Трансгазинжиниринг” МЧЖ ишчи-хизматчиларининг вақтинчалик яшашлари учун 400 ўринга мўлжалланган, барча қулайликларга эга махсус контейнерлар ҳам ўрнатилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бундай вақтинчалик махсус турар жойлар компания томонидан ҳудуднинг турли жойларида барпо этилмоқда. Шунингдек, “Ўзтрансгаз” АЖнинг 50 дан ортиқ махсус техникаси таъмирлаш-тиклаш ишларига жалб қилинган.
Шу ўринда талафот етган ҳудудларнинг газ тармоқларини таъмирлашда “Ўзтрансгаз” АЖнинг “Ғаллаорол газ қувурлари бошқармаси”, “Тошкент газ қувурлари бошқармаси” ҳамда “Сирдарё ҳудудгазтаъминот” бошқармаси билан ҳамкорликда фаолият олиб боришаётганини қайд этиш жоиз.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.