ALOQA UCHUN

“ҚОРАҚАЛПОҚ ҲЭТК” АЖ: ЁРДАМГА ҲАМИША ТАЙЁРМИЗ

“ҚОРАҚАЛПОҚ ҲЭТК” АЖ: ЁРДАМГА ҲАМИША ТАЙЁРМИЗ

 Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида юз берган табиий офат оқибатида аҳолини электр энергияси билан таъминлашда узилишлар пайдо бўлганидан барчанинг хабари бор. Мазкур аварияни бартараф этиш ва истеъмолчиларнинг энергияга бўлган талабини қондириш жуда кўп вақт, ишчи кучи ва маблағ талаб қилишини ҳисобга олган ҳолда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан тезкор чоралар кўрилмоқда.

Жамият таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар қатори кучли шамол туфайли зарар кўрган ҳудудларга етиб келган “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ муҳандис ва ишчиларидан ташкил топган таъмирловчилар гуруҳи шу кунларда Олот туманидаги “Янги ҳаёт” овул фуқаролар йиғинида жойлашган шу номдаги нимстанциядан чиқувчи 10 кВли электр тармоғида пайдо бўлган узилишларни тиклашга киришиб кетдилар.

Умумий узунлиги 20 км бўлган мазкур ҳаво линиясининг қулаб қолган устунларини янгиларига алмаштириш, кабель тортиш ва бошқа ишларга корхонанинг тажрибали мутахассислари жалб қилинган бўлиб, иш унумдорлигини таъминлашнинг барча чоралари кўрилмоқда. Таъмирлаш ишларида Қорақалпоғистондан етиб келган махсус техникалардан ҳам фойдаланилмоқда.

Ўз навбатида вилоят мутасадди ташкилотлари томонидан таъмирловчи бригада аъзоларининг яшаши, дам олиши ва овқатланиши учун етарли шароитлар муҳайё қилинганини таъкидлаш жоиз.

“Қорақалпоқ ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 05.05.2020
  • 1358
Sayt xaritasi