“TOSHKENT SHAHAR ЕТК” AJ: ХАЛҚИМИЗ ОСОЙИШТАЛИГИ УЧУН ЯНАДА ҲАРАКАТ ҚИЛАМИЗ
Мамлакатимизда коронавирусдан сақланиш, инфекцияни кенг тарқалишини олдини олиш, касалланганларни соғлигини тиклаш бўйича ҳукуматимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳри яқинида каронавирус билан хасталанганларни даволашга ихтисослашган 10 000 ўринли махсус шифохонани қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Жадаллик билан бунёд этилаётган улкан касалхона қурилишига «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Муассаса қурилишида қисқа фурсатларда 35/6 кВ кучланишли «Изолятор» подстанциясида мавжуд қуввати 2х4000 кВА бўлган куч трансформаторлари қуввати 2х10000 кВА бўлган трансформаторларга алмаштирилди. Шунингдек, ушбу подстанциядан кучланиши 6 кВ бўлган, жами узунлиги 1,5 км узунликдаги ҳаво тармоғи қурилди, бунда 90 дона темир-бетон таянчдан фойдаланилди.
Шу билан бир қаторда, шифохона ҳудудида кучланиши 6 кВ бўлган, жами 18 км узунликдаги кабель тармоқлари ётқизилди ҳамда 4 дона қуввати 1000 кВА бўлган ҳамда 6 дона қуввати 630 кВА бўлган трансформатор подстанциялари ўрнатилди ва монтаж қилинди.
Муассаса қурилиши якунига қадар, «Истиқбол» нимстанциясидан 2 та цепли, жами узунлиги 6,5 км бўлган 10 кВли кучланишдаги 327 дона темир-бетон устун ўрнатилган ҳолда, ҳаво тармоғи қурилиши режалаштирилган. Айни вақтда 2-тармоқ курилиш ишлари олиб борилмокда.
– Ҳар бир корхона ва ташкилотлар зиммаларидаги масъулиятни тўлиқ ҳис этган ҳолда ишларни олиб бормоқдалар – дейди “Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi” AJ Капитал қурилиш бўйича директори А. Ашрафхонов. – Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган касалхонада минглаб ишчилар жонбозлик билан меҳнат қилмоқдалар. Ушбу ишга ўзимизнинг ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз. Зеро халқимиз осойишталиги учун янада ҳаракат қилиб, меҳнатимиз самарасини кўрсаккина барча қийинчиликлар унутилади.
Давлатимиз раҳбарининг ёшларга билдирган ишончи, юксак баҳоси, мазкур қурилиш майдонида ҳам ўз сўзини айтиб турибди. Жадал суръатда давом этаётган шифохона қурилишида уларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланади.
Мутахассислардаги ғайрат, шижоатни кўриб ёш келса ишга нақлидаги яратувчанликка йўғрилган ундовларнинг том моҳиятини аглагандек бўласиз. Улар ўз билимлари, ишга чанқоқлиги билан тажрибали устозларга мадад бўлишмоқда.
“Toshkent shahar ЕТК” AJ матбуот хизмати.