“АНДИЖОН ҲЭТК” АЖ: ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТЛАРГА ҚАРАМАЙ БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАРНИ БАЖАРИШДА ДАВОМ ЭТАМИЗ
Маълумки, бугун барчамиз соғлигимиз, юртимиз тинчлиги, ёш авлодимиз келажаги учун уйда қолиб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда кунимизни мазмунли ва самарали ўтказишда электр энергиясидан фойдаланмоқдамиз. Об-ҳаво инжиқликлари, бугунги карантин даврига қарамай хонадонларимизга нур улашаётган соҳа вакиллари фаолиятини эса чинакам фидойилик намунаси дейиш мумкин.
Хусусан, куни-кеча бошланган кучли шамол оқибатида мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятининг айрим худудларида ҳам электр энергияси таъминотида аварияли узилишлар кузатилди. Айни вақтда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ тасарруфидаги барча шаҳар, туман электр таъминоти корхоналарида ташкил этилган бригадалар томонидан таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Қисқа фурсатларда юзага келаган ноқулайликлар бартараф этилиб, ҳудудларга электр энергияси етказиб берилиши таъминланади.
Бу каби фавқулодда ҳолатлар рўй беришига қарамай, энергетика соҳаси ходимлари кундалик фаолиятлари, яъни ҳукумат қарорлари асосида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш юзасидан белгиланган вазифаларни бажаришда давом этмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоғини модернизация ва янги қурилиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661 сонли қарори, Давлат дастурлари ижроси юзасидан белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг Қўрғонтепа, Олтинкўл, Улуғнор, Марҳамат, Пахтаобод ва бошқа қатор туман ҳамда шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан самарали ишлар қилинаётир.
Хусусан, Қўрғонтепа туманидаги Наврўз МФЙ, Олтинкўл туманидаги Темирхўжа ва Уйғур МФЙлар, Марҳамат туманидаги Рохат МФЙ, Капитал қурилиш бўлими Асака гуруҳи ходимлари томонидан Қовоқ тўпи МФЙ, Куйганёр электр таъминоти бўлими ходимлари томонидан Бахт МФЙ ҳудудларида янги ўрнатилган темир-бетон таянчларга ҳаво тармоғи тортиш ҳамда реконструкция қилиш, аҳоли зич жойлашган ҳудудлардаги трансформаторлар юкини камайтириш мақсадида қўшимча трасформатор пунктларини ўрнатиш орқали маҳаллий аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек, ҳаво электр тармоқлари ўтган жойларда дарахт шохларини кесиш каби ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
“Андижон ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.