“BUXORO HETK” AJ: ҲАР ҚАНДАЙ ШАРОИТДА ҲАМ БУРЧИМИЗНИ БАЖАРАМИЗ
Мамлакатимизга кириб келган кучли шамол оқибатида қатор ҳудудларда аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари, жумладан ҳаво электр тармоқларига катта зарар етказилди. Бу ҳолат, айниқса, Бухоро вилоятида кучли шамол эсиши билан биргаликда сел келиши, уй томларининг кўчиши, бақувват дарахтларнинг синиши, аҳолини электр энергияси билан таъминловчи симларнинг узилишига ва ҳаттоки темир-бетон симёғочларнинг қулашига сабаб бўлди.
Биламизки, табиат инжиқликлари, табиий офатларга инсоният қарши тура олмасада, аммо ўзининг меҳнати, сабри ва тиришқоқлиги орқали ҳар қандай талофотни бартараф қилиш ҳамда ундан чиқиш йўлларини излайди.
“Бухоро ҲЭТК” АЖнинг барча электр таъминоти корхоналари ҳам электр энергияси таъминотида юзага келган узилишлар, аварияли ҳолатларни бирин-кетинлик билан бартараф этишга бор имкониятларини ишга солган ҳолда киришдилар. Ҳозирда истеъмолчилар электр энергияси таъминотини имкон қадар қисқа вақт ичида йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Шу ўринда электр энергияси истеъмолчиларидан вазиятни тўғри англаган ҳолда табиий офат келтириб чиқарган муаммоларни бартараф этишга қаратилган барча чоралар соҳа ходимлари томонидан кўрилаётгани, ушбу вазиятга халқимизга хос сабр билан ёндашишларини сўраб қолардик.
“Бухоро ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.