СЕРГЕЛИДА ЭЛЕКТР УЗАТИШ ҲАВО ТАРМОҒИ ТОРТИШ ИШЛАРИ АВЖИДА
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон ва кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2660-сонли қарорига асосан “Toshkent shahar elektr tarmoqlari korхonasi” АJ томонидан қурилаётган янги уй-жойларнинг ташқи электр таъминотини қуриш, хусусан, Сергели туман аҳолисини электр энергияси билан ишончли ва сифатли таъминлаш мақсадида белгиланган дастур асосида қатор ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Айни пайтда жамият мутахассислари томонидан янги қуриб фойдаланишга топширилаётган қатор мавзеларнинг электр таъминотини яхшилаш, ҳудуд учун янги қурилган 110 кВли “Истиқбол” нимстанциясига қўшимча электр энергияси билан таъминловчи юқори кучланишли 110 кВли электр узатиш ҳаво тармоғи тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу борадаги ишларга ҳамкор қурувчи ташкилот билан биргаликда 20 дан ортиқ махсус техника, 30 нафардан ортиқ малакали мутахссис жалб этилган.
Ҳар бир иш хавфсизлик техникаси қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда, аниқ белгиланган лойиҳа асосида бажарилмоқда.
Лойиҳа якунига етгач, ҳудуддаги маиший ва янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан ишончли таъминлашга эришилади.
“Toshkent shahar ЕТК” AJ матбуот хизмати.