ХОНҚА ТУМАНИДА ДАВЛАТ ДАСТУРИ АСОСИДА ИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан «Обод маҳалла» дастури ижросини амалга ошириш, аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш юзасидан белгиланган режа-дастурлар асосида вилоятлар миқёсида қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Хонқа тумани Сарапаён қишлоғи “Оёқёп” кўчасида ҳам бу борадаги ишлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда. 220 нафар аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маҳаллада Дастур асосида бетон-таянч устунлари ўрнатилиб, хонадонларнинг фасад қисмларидан электр тармоқлари ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолига янада сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида бу ерда янги трансформатор ўрнатилди. Бундай ўзгаришлардан маҳалла фаоллари жуда мамнун бўлмоқда.
– Кўчамизга ҳам Дастур асосида электр энергияси тармоқлари янгидан ўрнатилаётгани аҳолимизга янада сифатли электр энергияси етказиб берилишидан далолатдир. Айни синовли кунларда, мамлакатимизда карантин эълон қилинган бўлишига қарамай, электр энергияси ходимлари тиним билмай меҳнат қилаётганларини кўриб ғурурланиб кетдим. Бундай фидойи инсонларимиз сафи кенгаяверсин. Аҳолига электр энергиясидан узилишларсиз фойдаланишларига шароитлар яратиб бераётган мутасаддиларга ўз миннатдорлигимни билдираман, – дейди маҳалла фаоли Нематжон ака Мадаминов.
Дарҳақиқат, бундай синовли кунларда ўз касбига садоқат билан меҳнат қилаётган инсонларимизга қанча раҳмат айтсак ҳам камлик қилади.
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.