УРГАНЧ ТУМАНИДА ЯНГИ ТРАНСФОРМАТОР ЎРНАТИЛДИ
Аҳолининг электр энергиясига талаби ошиб бораётган айни карантин кунларида энергетика соҳаси ходимлари имкон қадар истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш мақсадида барча имкониятларни сафарбар қилмоқдалар.
“Хоразм ҲЭТК” АЖ томонидан Урганч туманида юқори юкламада ишлаб турган 110/10 кВли “Дўстлик” нимстанциясидаги қуввати 6 300 кВА трансформатори 10 000 кВА бўлган куч трансформаторига алмаштирилиб, ишга туширилгани бунга мисол бўлиши мумкин.
Катта қувватли трансформаторнинг ўрнатилиши натижасида ҳудуддаги 8 та маҳаллада истиқомат қилаётган 5 015 нафар аҳолининг ҳамда 186 та тадбиркорлик субъектининг электр энергияси таъминоти ишончлилиги ошди ҳамда туманда янгидан ташкил қилиниши режалаштирилган ишлаб чиқариш корхоналари учун электр энергия қувват захираси яратилди.
Таъкидлаш жоизки, янги трансформаторни алмаштириш жараёнида жамият ички ресурсларидан фойдаланилди. Олдинлари бундай ишлар шартнома асосида бажарилган бўлса, корхона мутасаддиларининг ташаббуси билан ходимлар касб малакаси оширилиб, эндиликда бундай жараёнлар тўлалигича хўжалик усулида жамият ишчи-ходимлари томонидан амалга оширилмоқда. Натижада корхонанинг 55 млн. сўмлик харажати тежалишига эришилмоқда.
“Хоразм ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.