ALOQA UCHUN

ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИ ВА ЮРТ ФАРОВОНЛИГИГА МУНОСИБ ҲИССА

ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИ ВА ЮРТ ФАРОВОНЛИГИГА МУНОСИБ ҲИССА

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш мақсадида қисқа фурсатларда қатор карантин зоналари барпо этилмоқда. «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ ишчи-ходимларининг бу борадаги шижоати таҳсинга лойиқ.

Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Арнасой кўчасида бунёд этилаётган махсус шифохона объектида Чилонзор туман электр таъминоти корхонаси ходимлари ҳам фаол қатнашмоқда. Бу ерда қисқа фурсатларда қуввати 3,2 МВт бўлган 6 км узунликдаги 10 кВли кабель тармоғи тортилиб, 2 та 2ГКТП ва 2 та ГКТП, шунингдек, қуввати 630 кВА бўлган 6 та трансформатор пункти фойдаланишга топширилиш арафасида.

Бугун бирдамлик тушунчалари билан халқнинг халқ эканлиги синовдан ўтадиган кундир. Эътибор беринг, пандемияга қарши курашишда энергетикларимизнинг заҳмати тиббиёт соҳаси вакиллари хизматларидан кам эмас. Буни жадал суръатларда давом этаётган қурилиш ишларининг бугунги кўрсаткичи ҳам тасдиқлай олади. Хусусан, кўп функцияли шифохонада ҳаёт учун зарур бўладиган коммуникация тармоқлари, яъни электр энергияси, газ ва сув етказиб берувчи тармоқлар тортилмоқда. Мутахассислар ҳар бир ишни бамаслаҳат олиб боришаётир.

 

– Тезкорлик билан барпо этилаётган касалхона қурилишида ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз. Гарчи туну кун ишлаётган бўлсакда, халқимиз соғлиги ва осойишталиги учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз, – дейди Чилонзор туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Холбоев Баҳодир.

Интизом бор жойда натижа бор. Ишчилар ниқобларини вақти-вақти билан алмаштириб туришибди. Йигирма тўрт соат давом этаётган бунёдкорлик ишларида уста-қурувчилар, пайвандчи-монтажчилар, энергетиклар белгиланган навбат асосида зиммаларидаги машаққатли ва, ўз навбатида, шарафли вазифани бажариш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Донишмандлардан бири айтади, оғир дамлардан миннатдор бўлинг, улар сизнинг шаклланишингизга ёрдам беради. Биз бугун бирмиз, ҳамжиҳатмиз, ҳар қандай қийинчиликка қарши биргаликда ҳаракат қилишга тайёрмиз. Муҳими ана шунда.    

«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.

  • 08.04.2020
  • 1613
Sayt xaritasi