“ТОШКЕНТ ҲЭТК” АЖ: ИШЛАР ЖАДАЛ СУРЪАТДА ДАВОМ ЭТМОҚДА
“Тошкент ҲЭТК” АЖ туман, шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида бу борада олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.
Хусусан, Тарнов МФЙдаги “Назарбек” санаториясида 4 та трансформатор пункти жорий таъмирланиб, муқобил дизель электр таъминоти станцияси синовдан ўтказилди. Бундан ташқари, 6 дона 150 Вт қувватли кўча ёритиш учун мўлжалланган светодиод чироқлари ўрнатилди. Жамият ишчи-ходимларини карантин даврида зарур воситалар билан таъминлаш масалалари ҳам назоратга олинган. Жумладан, уларга тиббий ниқоблар, гигиеник ва антисептик воситалар ҳар куни етказиб берилиб, иссиқ махсус кийимлар иш жойига олиб борилиб тарқатилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, мунтазам барча ишчиларнинг тиббий ҳолати, ишга лаёқатлилиги тўлиқ тиббий кузатувдан ўтказиб борилаётир.
Маълумки, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам карантин ҳудуди ташкил этилиб, 10 000 беморга мўлжалланган шифохона қисқа фурсатда барпо этилди. “Тошкент ҲЭТК” АЖ жамоаси бу борадаги ишларга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Хусусан, шифохона ҳудудини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 35/6 кВли “Изолятор” подстанциядан чиқувчи фидер орқали 42 дона темир-бетон таянч ўрнатилиб, 630 кВА қувватли трансформатор қуриш ишлари амалга оширилди.
Бу каби эл манфаати йўлида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлашда жамият мутасаддилари томонидан барча ишлар назоратга олиниб, керакли моддий-техника базаси тўлиқ шакллантирилган.
“Тошкент ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.