ALOQA UCHUN

Электр ҳисоблагичларни қиёслашга оид муҳим маълумотлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 февраладги 111-сонли қарорида электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш тартиби белгиланган.

Унга кўра, 1 мартдан барча истеъмолчилар электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг таркибидаги ташкилотларга тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкин. Бунда компания (бўлинма) хизмат кўрсатишга оид барча харажатларни ўз маблағлари ҳисобидан қоплайди.

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) уланишда ҳисоблагич ушбу тизим талабларига мос келмаганда, у қиёслашдан ўтказилмасдан янгисига алмаштирилади.

Истеъмолчилар фақат электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасининг созлиги ёки қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, 2019 йил 1 ноябрдан истеъмолчилар – тадбиркорлик субъектлари томонидан марказлар орқали ҳисоблагични ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун аризалар берилган эди. 

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш дирекцияси» МЧЖ ушбу компаниянинг филиалига айлантириш, штат жадвалини кўпайтириш йўли билан қайта ташкил этилади.

Энергетика вазирлигига Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4525-сонли қарорига мувофиқ, электр таъминоти тизимига уланиш тартиботларини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси топширилган ва ҳозирда мутасаддилар бу борада иш олиб бормоқда.

  • 11.03.2020
  • 2415
Sayt xaritasi