ALOQA UCHUN

ЯККАСАРОЙ ТУМАНИДА “АҚЛЛИ ҲИСОБЛАГИЧ”ЛАРНИ ЎРНАТИШ ИШЛАРИ ЯКУНЛАНИШ АРАФАСИДА

ЯККАСАРОЙ ТУМАНИДА “АҚЛЛИ ҲИСОБЛАГИЧ”ЛАРНИ ЎРНАТИШ ИШЛАРИ ЯКУНЛАНИШ АРАФАСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3981-сонли қарорига асосан юртимизнинг барча ҳудудларида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари амалга ошрилаётир.

«Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ томонидан ҳам пойтахтимизнинг барча туманларида бу борадаги ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Хусусан, Яккасарой туманида «Электронҳисоблагич» МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Қайд этиш керакки, туманда 30 минг 28 нафар аҳоли ҳамда 2 минг 148 та юридик истеъмолчи бўлиб, жами 32 минг 176 дона замонавий электр ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, ўтган 2019 йилнинг сентябрь ойи бошида тумандаги «Мерос», «Тўқимачи», «Белариқ», «Тепа», «А. Қаҳҳор» маҳаллаларида янги турдаги ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланган бўлиб, ҳозирги кунга келиб деярли ниҳоясига етиш арафасида. Лекин ушбу туманда кўплаб фуқаролар ўз хонадонида бўлмаслиги туфайли лойиҳани якунлаш ишлари бир муддатга чўзилмоқда.

Ҳозирги кунга келиб ҳисоблагич алмаштириш ишлари Яккасарой туманида 88 фоиздан ортган, қолган (12 фоиз) истеъмолчиларнинг ҳисоблагичлари уйнинг ички қисмида жойлашганлиги боис 2020 йил 1 май кунига қадар ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича маҳалла кесимида аниқ, кунма-кун режа ишлаб чиқилди ва шу режа асосида ишлар жадал олиб борилмоқда.

Туман электр таъминоти корхонаси раҳбарияти бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, МФЙ раислари ва профилактика нозирлари иштирокида маҳаллий аҳоли ўртасида замонавий ҳисоблагичнинг афзалликлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш, тамғалаш ва рўйхатдан ўтказиш «Ҳудудий электр тармоқлари» AЖ ҳисобидан бепул амалга оширилади. Ҳисоблагичлар ўрнатишда бирон англашилмовчилик ёки тушунмовчиликка дуч келсангиз, «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ негизида фаолият юритаётган 1154 қисқа рақами  ёки Яккасарой туманининг  +  (97) 411-66-81, (71) 200-01-52 ишонч телефон рақами орқали ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингиз мумкин.

«Toshkent shahar ETK» AJ матбуот хизмати.

  • 11.03.2020
  • 1571
Sayt xaritasi