ALOQA UCHUN

ҒАЛЛАОРОЛ ТУМАН ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ КОРХОНАСИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

ҒАЛЛАОРОЛ ТУМАН ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ КОРХОНАСИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Президентимиз томонидан белгилаб берилган ва бугунги кунда муваффақиятли амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳақиқий янгиланишларга, ўзгаришларга асос яратиб бермоқда. Туманнинг инвестициявий жозибадорлиги ошиб, бу ерда кўплаб йирик ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Энг асосийси, бундай ўзгаришлар туман аҳолисининг ҳаёт фаровонлиги юксалишига хизмат қилиши, бундай янгиланишлар эса электр энергия таъминоти билан боғлиқ масалаларни ҳам такомиллаштиришни талаб этиши табиий ҳолдир.

Шундан келиб чиққан ҳолда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Ғаллаорол туман электр таъминоти корхонаси тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган туманда электр таъминотининг энг сўнгги талабларига жавоб берадиган замонавий бошқариш тизими яратилиб, барча қулайликларга эга бўлган бинода корхонанинг муҳандис-техник ҳамда ишчи-ходимлари, қолаверса  бу ерга ташриф буюрадиган мижозлар учун ҳам зарур шароитлар мавжуд.

Таъкидлаш жоизки, бинодаги конференц-зал, корхона мутахассисларини ўқитиш хонаси ва бошқа хоналар иш самарадорлигига эришишга хизмат қилади. Мижозлар учун қулайлик яратиш мақсадида фуқароларни қабул қилиш хонаси ва электрон табло ҳам ишга туширилган.

Умуман олганда, Ғалларол туман электр таъминоти корхонаси томонидан 1244,4 км 0,4-6-10 кВли ҳаво тармоқлари ва 622 та 6-10/0.4 кВА трансформатор пунктлари орқали жами 33 908 та жумладан, 1 139 та улгуржи ҳамда 32769 аҳоли истеъмолчилари электр энергияси билан таъминлаб келинмоқда. Табиийки, ушбу саъй-ҳаракатлар ғаллаоролликларни сифатли ва узлуксиз электр энергия билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маъмурий бинони фойдаланишга топшириш маросимида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбарияти, туман мутасадди корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ва Ғаллаорол туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари қатнашди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.

 

  • 06.03.2020
  • 2213
Sayt xaritasi