ЧЕККА ТУМАНЛАРДА ҲАМ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ СИФАТИ ЯХШИЛАНМОҚДА
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Янгиариқ туманига янги трансфоматорлар ўрнатилди.
Ривожланиш шиддат билан кечаётган ҳозирги замонамизда табиийки кундан-кунга электр энергиясига бўлган талаб ошиб бормоқда. Буни яхши англаган энергетика соҳаси ходимлари истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш йўлида тинимсиз меҳнат қилмоқдалар.
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳам истеъмолчиларга янада сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида Янгиариқ туманидаги 35/10 кВли “Каттабоғ” нимстанциясидаги юқори юкламада ишлаб турган 3200 кВА қувватга эга трансформатор ўрнига қуввати 4000 кВА ҳамда қуввати 2500 кВА бўлган трансформатор ўрнига қуввати 3200 кВА бўлган куч трансформаторлари жорий йил февраль ойида ўрнатилиб, ишга туширилди.
Нимстанцияга катта қувватли трансформаторларнинг ўрнатилиши натижасида тумандаги 3 200 та аҳоли хонадони, бундан ташқари туман марказидаги муҳим ижтимоий бинолар, 121 та тадбиркорлик субъектининг электр энергияси таъминоти ишончлилиги ошиб, қолаверса нимстанция туман марказида янгидан ташкил қилиниши режалаштирилган ишлаб чиқариш корхоналари учун электр энергияси қувват захирасига ҳам эга бўлди.
Таъкидлаш жоизки, янги катта куч трансформаторларини алмаштиришда ички имкониятлар сафарбар қилинди, яъни аввалари бундай ишлар шартнома асосида бажарилган бўлса, жамият мутасаддиларининг ташаббуси билан меҳнат қилаётган ходимларнинг касб малакаси оширилиб, ушбу жараёнлар тўлалигича хўжалик усулида амалга оширилиши натижасида 30 млн. сўм иқтисод қилинишига эришилди.
“Хоразм ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.