«Биз коррупцияга қаршимиз»
«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида вилоят адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Давлат хизматлари агентлиги билан ҳамкорликда мазкур шиор остида семинар бўлиб ўтди.
Коррупция ва порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли жиноий ҳодисалардан биридир.
Шу асосда бугунги кунда барча идора ва ташкилотларда ушбу жирканч иллатга қарши курашишда барча бирдек фаол бўлишга ундовчи тадбирлар, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида тармоқ корхоналарининг ҳисобчилари, юридик бўлим бошлиқлари, мажбурий ижро билан ишлаш муҳандислари ва юристконсультлари, жамият қошидаги давлат хизматлари бўлимида фаолият олиб борувчи ходимлар ҳамда барча бўлим бошлиқлари иштирокида бўлиб ўтган семинарда ходимларнинг иш фаолияти давомида бу каби камчиликларга йўл қўймасликлари, коррупция иллат эканлиги мутасаддилар томонидан тушунтириб ўтилди.
Хоразм вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими терговчиси Р. Исматов йиғилганларга Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ва уларнинг ижроси юзасидан тушунтириш ишларини олиб борди.
Жиноятга жазо муқаррар. Қолаверса коррупция келажак учун иллатлиги, ҳар қандай соҳага бундай иллат аралашса, ушбу тизимда ривожланиш бўлмаслиги ва албатта, бундай хатога йўл қўйган инсонлар жазога тортилишлари ҳақида вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи К. Маткаримов алоҳида маъруза қилди.
Мутахассислар томонидан семинар қатнашчиларига фаолиятлари давомида юзага келаётган муаммолар борасида ҳуқуқий кўникмалар берилиб, бугунги кунда электр таъминоти корхоналарида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, мавжуд муаммолар бўйича атрофлича фикр юритилди.
Семинар якунида сўзга чиққан «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори М. Базаримбетов йиғилганларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, жамиятда бундай иллатлар юзага келмаслиги учун биргаликда фаолият олиб боришга чорлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса эканлиги, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш, бунинг учун давлат ва жамият ўзаро жипслашиши лозим. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.
«Хоразм ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати.