ҲАР БИР МУРОЖААТ – ЭЪТИБОРДА
Биласизки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш борасида соҳада олиб борилаётган ишлар билан мунтазам таништириб бориш, шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш мақсадида Telegram тармоғида @HET_admin билан ишлаш расмий саҳифаси очилган. Худди шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг расмий саҳифаларида ҳам бу борадаги маълумотлар кенг ёритиб борилмоқда.
Хусусан, Хоразм вилояти Урганч тумани “Юқори дўрма” қишлоғидаги “Жайҳун” маҳалласи фуқаролари томонидан “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг телеграмдаги расмий саҳифаси орқали маҳаллани электр энергияси билан таъминлаш борасида муаммолар мавжудлиги бўйича келиб тушган мурожаат раҳбарлар ва жамият ходимлари томонидан тезкорлик билан ўрганилди.
Мурожаат ўринли эканлиги аниқланди. Хусусан, жамият ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган ушбу ҳолат ижобий ечимини топди, яъни бу ерга учинчи (4 ой илгари қўшимча трансформатор ўрнатилган эди) трансформатор ўрнатилди.
– “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутасадди ва ходимларидан жуда мамнунмиз. Рости, жамиятнинг телеграм тармоғидаги саҳифаси орқали йўллаган мурожаатимизга бундай тезкорлик билан муносабат билдирилишига ишонмагандик, – дейди “Жайҳун” маҳалла фуқароси Феруза Тангиберганова. – Мурожаат йўллаган кунимизнинг ўзидаёқ жамият ходимлари биз билан телефон орқали боғланишиб, муаммолар билан қизиқишди. Орадан кўп вақт ўтмай, маҳалламизга қўшимча янги трасформатор ўрнатилди.
Дарҳақиқат, ҳар қандай муаммони ўз вақтида ҳал қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича самарали механизмлардан фойдаланиш нафақат истеъмолчилар, балки жамият фаолиятидаги унумдорликни оширишга хизмат қилади.
“Хоразм ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.