ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР КЕЛАЖАККА ЗАМИНДИР
Биламизки, Ватанимиз равнақида ёшларнинг ўрни беқиёсдир. Шу жиҳатдан уларни касбга йўналтириш, соҳа учун малакали кадрлар етиштириш масалаларига давлат даражасида аҳамият берилмоқда.
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳам бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Урганч давлат университети “Электр техника, электр механика ва электр технологиялар” йўналиши талабалари билан бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам шундан далолат бермоқда.
Давра суҳбати давомида талабалар жамиятда ташкил қилинган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиб, хусусан, электр энергия тизимининг қай тартибда жорий этилгани, унда юзага келадиган жараёнлар ҳақида тушунчага эга бўлишди.
Талаба ёшлар жамиятга ташрифларини “Тезкор диспечерлик хизмати” хонасидаги иш жараёни билан танишишдан бошладилар. Бу ерда ташкил қилинган меҳнат жараёни уларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, жамият раҳбарлари ва мутахассислари билан суҳбатдан кейин улар соҳага оид янада кўпроқ маълумотга эга бўлдилар.
Шундан сўнг, талабалар Урганч шаҳридаги “Тоза булоқ” нимстанциясида бўлишди ва бу ерда электр энергиясининг қай ҳолатда истеъмолчиларга етиб бориши, бундай жараёнларда техника хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши лозимлиги ҳақида тушунчага эга бўлдилар. Келгусида бу соҳани эгаллаш жараёнида техника хавфсизлик қоидалари жуда муҳимлиги ва назарий билим олиш жараёнларида бунга катта эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида билиб олдилар.
Жамият бош директори М. Базаримбетов билан суҳбат давомида ёшлар ўзларини қизиқтираётган барча саволларига атрофлича жавоб олдилар.
Жамиятда “устоз-шогирд” анъанаси асосида ташкил қилинган ишлар ёшларни жуда хурсанд қилди. Келажакда бу ерда иш фаолиятини бошлаш ҳаваси давра суҳбатига ташриф буюрган барча талабаларнинг нигоҳларида акс этиб турарди.
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.