ALOQA UCHUN

«ХОРАЗМ ҲЭТК» АЖ: ТРАНСФОРМАТОРЛАР ЎЗИМИЗДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛИШИ МОЛИЯВИЙ ИМКОНИЯТЛАРИМИЗНИ ОШИРАДИ

«ХОРАЗМ ҲЭТК» АЖ: ТРАНСФОРМАТОРЛАР ЎЗИМИЗДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛИШИ МОЛИЯВИЙ ИМКОНИЯТЛАРИМИЗНИ ОШИРАДИ

Маълумки, минтақаларнинг моддий-техник ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, сермаҳсул иш ўринлари ташкил этилиши ва маҳаллий аҳоли даромадлари ошишини таъминлайдиган инфратузилмавий, ишлаб чиқариш ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ресурслар ва имкониятларни жадал сафарбар қилиш муҳим омиллардан биридир. Шулардан келиб чиқиб, «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда ҳам ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш йўлида аниқ режалар ишлаб чиқилган бўлиб, бу борадаги қарор ва дастурлар ижросини ўз вақтида, сифатли бажарилиши таъминланмоқда.

Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ошириш тўғрисидаги ҳукуматимиз қарорига асосан Қўшкўпир туманида юқори ва паст кучланишли электр ускуналарини таъмирлаш ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Қўшкўпир электротехника заводи” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилиниб, бу ерда электр ускуналар ишлаб чиқариш ва трансформаторларни таъмирлаш ишлари амалга ошириб келинган. Бироқ завод фаолияти кейинги йилларда замон талабларига жавоб бермай қўйгани туфайли танг аҳволда қолган эди.

“Хоразм ҳудуддий электр тармоқлари” АЖ томонидан аниқ белгиланган дастур лойиҳаси асосида деярли инқирозга келиб қолган завод фаолияти такомиллаштирилиб, қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилди. Натижада бу ерда янги трансформаторлар ҳамда 6-10 кВли комплект тақсимловчи қурилма (КРУН) ишлаб чиқариш йўлга қўйилишига эришилиб, 2019 йил август ойидан йил якунига қадар 45 дона турли қувватдаги трансформатор жойларга етказиб берилди.

Юқорида қайд этилган 45 та трансформатор мисолида оладиган бўлсак, авваллари бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан бундай трансформаторлар 4 миллиард 345 миллион сўм маблағ эвазига харид қилинган бўларди. Жамият таркибидаги завод ишга тушгач эса бу кўрсаткич 2 миллиард 633 миллион сўмни ташкил этиб, шу орқали 1 миллиард 712 миллион сўмлик соҳа маблағлари тежалишига эришилди. Иқтисод қилинган маблағларни эса, ўз навбатида, жамият ишчи-ходимларини молиявий жиҳатдан рағбатлантиришга йўналтириш учун имкон яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизациялаш дастури тўғрисида”ги 2661-сон қарори, шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари ижроси доирасида 2020 йил давомида 306 дона трансформатор пунктини янгилаш ва модернизациялаш ишлари бажарилиши режалаштирилган.

– Трансформатор ва бошқа тақсимловчи қурилмалар ишлаб чиқаришни ўз кучимиз ёрдамида амалга оширадиган бўлсак, йилига ўртача ҳисобда 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ иқтисод қилишимиз мумкин бўлади, – дейди «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Бош директор Муратбой Базаримбетов. – Шу орқали маҳсулот таннархи пасайиб, корхона молиявий ҳолати яхшиланиши, пировардида эса иш унумдорлиги ортиб,  моддий-техника базани янгилаш имкони яратилади.

Шу билан бирга жамиятда СИП кабеллари ҳамда турли кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат корхонанинг асосий эҳтиёжлари учун зарур маҳсулотлар шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилиши ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилиши, балки жамият олдига қўйилган вазифалар ижроси самарадорлигининг ортишига эришиш мумкин бўлади.

 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ,

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизматлари.

  • 29.01.2020
  • 1559
Sayt xaritasi