ПУЛИНИ ТЎЛАЯПМИЗ, АММО ТЕЖАМАЯПМИЗ...
ёҳуд исрофгарчилик ҳақида мулоҳазалар
Ёшлигимда бобом исрофгарчилик ҳақида гапириб, Қуръони Карим ва турли ривоятлардан мисоллар келтирар эдилар. Шу сабабли у киши бирор жойда ортиқча сув оқаётгани ёки электр энергиясини бесамар ишлатилаётганини кўрсалар, доим панд-насиҳат қилардилар.
Бобом Иккинчи жаҳон урушидан қаттиқ ярадор бўлиб, бошларидан кўп қийинчиликларни ўтказиб қайтган эканлар. Ҳатто ейишга нон ҳам тополмай ўтларни илдизларидан озуқа сифатида истеъмол қилган вақтлари бўлган экан. Шундай воқеалар сабаблими ёки бошқа, хуллас, бобомнинг уйига қачон бормасак, увол бўлган нарсани кўрмасдик. Биргина мисол, баҳор пайтида тут дарахти тагига доим кичик шолча осиғлиқ турар, пишиб етилган тут дарахти мевалари ерга тушиб, исроф бўлмасди.
Бугунги кундаги исроф бўлаётган нарсаларни кўриб ҳайрон қолади, киши. Айниқса, кейинги пайтларда чиқиндида нонни кўпроқ учратаётганимиз дилни хира қилмоқда. Ёшлигимизда мактабдан қайтаётиб кўчада нон ейдиган бўлсак, катталар “ушоғи ерга тушади, кўчада нон ема, болам. Кимдир кўрмасдан босиб олса, катта гуноҳ бўлади”, дейишарди. Момоларим нон беҳосдан қўлларидан тушиб кетса, кечирим сўраб кўзларига суртардилар.
Биз шунчалик ўзгардикми? Наҳотки, нонни аҳлатга ташлайдиган даражада “замонавийлашдик”?!
Сув масаласи ҳам жуда долзарб бўлиб турган бугунги кунда ундан кўчани тозалаш ва бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Кимлардир шу сувнинг томчисига ҳам зор... “Пулини тўлаб қўйганмиз-да”, дейишади баҳона қилиб. Худди шундай деб газни ҳам беҳуда ёқиб қўйишади. Бугун увол қилаётган бир бурда нонни халқимиз дастурхонига тортиқ қилиш учун кимлардир оғир шароитларда меҳнат қилади. Исроф қилинаётган, беҳуда сарфланаётган ичимлик суви, газ, ҳаттоки электр чироғи кимлар учундир орзу эканлигини унутмаслигимиз керак.
Ўша айтганим, кимлардир учун орзу бўлган электр энергиясини ҳаддан зиёд сарф қиламиз, уни тежамаймиз. Мана шу исрофгарчилик оқибатида кимнингдир хонадони зулматда қолмоқда. Фарзандларини шағам нури остида дарс қилдиришга мажбур бўлмоқдалар. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида бундай ҳолат қатор ноқулайликларни келтиради.
Тасаввур қилиб кўринг, электр, газ, сув ва ҳеч қандай мобил алоқасиз қанча вақт яшай оласиз? 10 дақиқаси худдики асрдек ўтади, гўёки ҳаёт тўхтаб қолгандек... Аммо тежаш масаласида масъулиятни унутамиз.
Ҳар бир нарсанинг ўз нархи ва тўлови борлигнини барчамиз яхши биламиз. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви-ю ва ҳоказолар бундан мустасно эмас.
Шу ерда бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини сотиш эвазига фойда кўради. Демак, истеъмолчиларга қанча кўп электр энергияси ва табиий газ етказиб берилса, шу соҳаларда фаолият юритувчи корхоналар учун шунча кўп даромад олиш имкони кенгаяди. Газни узиб қўйиш, электр энергиясига чекловлар киритишдан фақат зарар бўлса борки, фойда бўлмайди.
Биламизки, дунёда чексиз маҳсулот ёки манба йўқ. Шундай экан, тежамкорлик – тараққиётнинг асосий қонунларидан бири эканлигини унутмайлик. Ҳар қандай замонда ҳам инсон исрофгарчиликка йўл қўймаса жамият ҳам, давлат ҳам зиён кўрмайди, ривожланиш, ўсиш бўлади.
Соҳиба Ғайипова,
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” матбуот котиби.