“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ: КАДРЛАР ВА ЁШЛАР МАСАЛАЛАРИ ДОИМИЙ ДИҚҚАТ ЭЪТИБОРИМИЗДА
Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида аёллар ва ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, хусусан, ижро органи, вазирлик ва идораларда гендер тенгликни таъминлаш, опа-сингилларимизга масъул лавозимларни ишониб топшириш бўйича амалга ошириладиган ишлар, шу билан бир қаторда ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш бўйича кўрсатмалар бердилар.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида ҳам белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунда жамият таркибида жами ходимлар сони қарийб 25 минг нафар бўлиб, шундан турли лавозимларда ишлайдиган аёллар 1 344 (5,4%) нафар, 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислар 11 388 (45,6%) нафарни ташкил этади.
Президентимиз таъкидлаганидек, аёлларимиз ҳаётий муаммоларни бошқалардан кўра чуқурроқ билиши, фидойилиги, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўлади. Ушбу ҳаётий ҳақиқатни англаган ҳолда жамият раҳбарияти томонидан тизимда фаолият юритаётган хотин-қизлар ролини янада ошириш, аёлларни раҳбар лавозимларига тайинлаш бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Тизимдаги раҳбар ва етакчи мутахассис лавозимларида қарийб 500 нафар аёл-қиз меҳнат қилаётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Шунингдек, жорий йилда ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш ясаш бўйича улкан мақсадлар белгиланганлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид вазифалар ижроси мунтазам ўрганиб борилишини алоҳида қайд этиш керак. Хусусан, 30 ёшгача бўлган ёшлар сони бугунги кунда 4 201 нафар бўлиб, шундан 719 нафари раҳбар ва етакчи мутахассис лавозимларида ишлаб келмоқда.
Бундан ташқари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимида 2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унга асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги коорпоратив илмий-амалий жамият ёшларининг махсус ўқув-курсларида таҳсил олиши, соҳада катта мувафаққиятга эришган мутахассислар иштирокида “Мувафаққиятга эришиш сирлари” мастер-класс учрашувларини ташкил этиш, ёш мутахассислар маҳоратини ошириш мақсадида “Ёш энергетиклар” кўрик-танлови, “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ва бошқа қатор акция ва тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.