ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА 11 НАФАР ЁШЛАРНИНГ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашуви чоғида жамиятда ёшларнинг роли ва обрўсини кўтариш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, ёшлар ташкилотлари орқали ўсиб келаётган авлод муаммолари ичига чуқурроқ кириш ва уларни ҳал этиш зарурлиги белгилаб берилган эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан аҳоли, шу жумладан, ёшлар билан ўтказилаётган оммавий қабул ва учрашувлар жойлардаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси раҳбарлигида вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, ёшлар билан учрашувлар ўтказган эди.
570 дан ортиқ ёшлар иштирок этган учрашувларда давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибор, ёшлар сиёсатининг устувор йўналишлари, беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар, электр энергиядан самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган реконструкция ҳамда модернизация ишлари бўйича тушунтиришлар олиб борилиб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни биргаликда амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Ушбу учрашувлар доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ф. Қурбонов бошчилигида Амударё туманидаги “Амударё текстил” корхонаси ва «Бештом» ОФЙдаги 24-сонли мактаб ўқувчилари, Беруний тумани «Тинчлик» ОФЙдаги 60-сонли ўрта мактаб ўқувчилари, Элликқалъа туманидаги “Бўстон Мега текстил” ҳамда “Бўстон Silk” корхоналари ёшлари, Тўрткўл тумани “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби” ва “Калтаминор” ОФЙда истиқомат қиладиган ёшлар билан очиқ мулоқотлар ӯтказилди.
Тадбир давомида тўртта туманда жами умумий узунлиги 17,5 км электр узатиш тармоқлари ва 11 дона ТП ларнинг 10,8 км электр узатиш тармоқлари ва 6 дона трансформатор пунктида реконструкция, модернизация ишлари бажарилгани, 6,7 км электр узатиш тармоқлари, 5 дона трансформатор пункти ва 124 дона темир-бетон таянчи қурилиш ишлари бошлангани натижасида 670 дан ортиқ аҳоли ва 18 ижтимоий объект сифатли ва ишончли электр энергиясига бўлган талаби тўлиқ қаноатлантирилгани таъкидланди.
Шунингдек, “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ тизимида фаолият юритаётган 80 дан ортиқ ёш мутахассис Элликқалъа ва Беруний туманларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, у ердаги меҳнат қилаётган тенгдошлари билан яқиндан мулоқотда бўлдилар. Ёшлар форуми доирасида ўтказилган ёш энергетикларнинг тадбирлари соҳада фаолият юритаётган икки авлоднинг ўзаро манфаатли мулоқотларига бой бўлиб, айниқса, ёш мутахассисларнинг ўз тажрибасини орттиришига яхши имконият бериши билан аҳамиятли бўлди.
Шу билан бирга, «Қилчинак» ОФЙдаги электр таъминоти билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тезкор тартибда иш режаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда мазкур қишлоқда 70 дан ортиқ оила истиқомат қилади. Шу кунга қадар аҳоли зўриқиш билан ишлаётган КТПс-63/6 кВА трансформаторидан фойдаланиб келаётгани аниқлангач, янги замонавий типдаги КТПм-160/6 кВА трансформатор пункти ўрнатилди ва 2,2 км ҳаво линияси замонавий СИП русумли кабелларга алмаштириб берилди. Бу фуқароларнинг сифатли ва ишончли электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қаноатлантиради.
«Обод қишлоқ» дастури бўйича Тўрткул тумани «Калтаминор» ОФЙ ҳудудидаги «7 бўлим» қишлоғида 1 км ҳаво линиясини янгилаш ва 400 кВА трансформатор пунктини ўрнатиш бўйича ишлар жадаллик билан амалга оширилаётир. Ҳудуддаги «Уллибоғ» ОФЙ да бўлиб ўтган учрашувда ёшларни қийнаётган масалалар билан яқиндан танишилди ҳамда болаларга спорт анжомлари совға қилинди.
Бундан ташқари, Хўжайли шаҳридаги Гулжаҳон кўчасида истиқомат қилувчи аҳолидан электр энергияси таъминотидаги носозликлар бўйича келиб тушган мурожаат ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди ва амалий чора-тадбирларга киришилди. Яқин кунларнинг ўзида бу ердаги 45 та симёғоч янгиларига алмаштирилиб, СИП-кабеллар тортилади ва аҳолининг сифатли ва узлуксиз электр энергиясига бўлган талаби қондирилади.
Ёшлар билан учрашувлар натижасида 11 нафар ёшлар “Қорақалпоқ ҲЭТК” АЖга ишга қабул қилинди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ,
“Қорақалпоқ ҲЭТК” АЖ матбуот хизматлари.