ALOQA UCHUN

“БУХОРО ҲЭТК” АЖ: ХАЛҚИМИЗ АҲОЛИСИНИ РОЗИ ҚИЛИШДЕК БУЮК МАҚСАД ЙЎЛИДА МЕҲНАТ ҚИЛИШДАН ЧАРЧАМАЙМИЗ

“БУХОРО ҲЭТК” АЖ: ХАЛҚИМИЗ АҲОЛИСИНИ РОЗИ ҚИЛИШДЕК БУЮК МАҚСАД ЙЎЛИДА МЕҲНАТ ҚИЛИШДАН ЧАРЧАМАЙМИЗ

Қиш. Ташқарида қор ёғиб турган палла. Барча бундай кунда иссиқ уйга кириб, иссиққина печь атрофида ўтирганча дераза орқали ташқарида ёғаётган қорга қараб хаёлот дунёсига чўмишни хуш кўрса керак. Аммо “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ заҳматкашлари қишнинг совуқ-қировли кунларига қарамай тиним билмай меҳнат қилишмоқда...

Айни кунларда “Бухоро ҲЭТК” АЖ ва Жондор туман ЭТКнинг эксплуатация ходимлари биргаликда тумандаги “Яккатут 35/10” подстанциясидаги 4 000 кВА қувватга эга трансформаторни қуввати 10 000 кВА бўлган трансформаторга алмаштириш ишларини олиб боришмоқда. Натижада ҳудуддаги 36 та қишлоқда истиқомат қилувчи  10 197 та аҳоли хонадони ҳамда бу ерда тадбиркорлик фаолиятини олиб борувчи фуқароларнинг сифатли электр энергиясига бўлган талаби тўла қондирилиши, шу билан бирга 2000 кВА қувват захираси яратилишига эришилди.

Бундан ташқари электр энергияси истеъмолининг кундан-кунга ошиб бориши сабабли тармоқда юзага келадиган юкламалар натижасида ҳосил бўладиган аварияли ҳолатларнинг олди олиниши ҳамда юклама доирасида бўладиган электр энергиясининг йўқотилиши масаласидаги муаммоларнинг ечими юзасидан самарали ишлар бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгидан қуриш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661-сон қарори доирасида биргина Бухоро вилоятининг ўзида ортда қолган 2019 йил давомида 558,3 км ҳаво тармоқлари ва 251 дона трансформатор пункти янгидан қурилиб, реконструкция ишлари олиб борилди. 2020 йилда бу кўрсаткич 983,5 кмни ташкил этиши кутилмоқда. 495 та трансформатор пункти янгидан қурилиб реконструкция қилиниши режалаштирилган. Кўриниб турибдики, 2020 йилда режалаштирилган ишлар ўтган йилда амалга оширилган ишлардан қарийб икки баравардан кўпни ташкил қилмоқда. Бу шунчаки рақамлар эмас, бу ишларнинг замирида  Президентимиз таъкидлаганидек, халқимиз аҳолисини рози қилишдек буюк мақсад ётибди.

Кейинги йилларда йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш чоралари устида тинимсиз меҳнат қилинмоқдаки, истеъмолчилардан амалга оширилаётган ишларни қалбан тўғри англаган ҳолда муносабат билдиришларини сўраб қолган бўлардик.

“Бухоро ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 22.01.2020
  • 1420
Sayt xaritasi