ЭКСПЛУАТАЦИЯ ХОДИМЛАРИНИНГ ХАВФСИЗЛИК ҚОИДАЛАРИГА ОИД БИЛИМИ СИНОВДАН ЎТКАЗИЛДИ
Маълумки, электр тармоқлари корхоналарида эксплуатация ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиниши юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга имкон беради.
Бу борада “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан “Электр қурилмаларни эксплуатация қилишда техник хавфсизлик қоидалари” ишлаб чиқилган бўлиб, унда хавфли, зарарли ишлаб чиқариш омиллари ва улардан ҳимояланиш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, трансформаторларда ва электр узатиш линияларида турли хил ишларни бажаришда хавфсизлик чораларини кўриш бўйича қоидалар белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарида кадрларни қайта тайёрлашда фавқулодда вазиятлар ва ўқув майдонларида машғулотлар ўтказиш, мавзуга оида турли семинар-тренинглар ўтказиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Бухоро ҲЭТК” АЖ томонидан Пешку туман ЭТК ходимларига “Электр ускуналарини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари”, “Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари”, “Ҳимоя воситаларини синаш ва қўллаш қоидалари”, “Электрлаштирилган асбобларни қўллаш қоидалари” мавзуларида ўқув-семинар ташкил этилди.
Машғулот натижалари бўйича барча эксплуатация ходимларининг билими синовдан ўтказилиб, яхши натижа кўрсатган ходимларга иш жараёнида ҳам ушбу билимларни қўллаш бўйича топшириқлар берилди ва синовдан ўтолмаган ходимларга билим даражаларини ошириш учун шартли равишда муддатлар берилиб, қайта синовдан ўтказишга келишиб олинди.
“Бухоро ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.