АСАКА ТУМАНИДА “АҚЛЛИ ҲИСОБЛАГИЧЛАР” ЎРНАТИШ ИШЛАРИ БОШЛАНДИ
“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан электр тармоқларини бошқаришни такомиллаштириш, энерготизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини электр энергиясига бўлган эхтиёжини янада тўлароқ қондириш бўйича қатор ишлар бажарилмоқда.
Хусусан, бугун вилоятнинг Андижон тумани, Хонобод ва Андижон шаҳарларида режа асосида замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунига етказилиб, Асака тумани истеъмолчилари учун ўрнатиш ишлари бошланди.
Корхона томонидан туман ҳудудидаги ҳисоб нуқталарига жами 56 700 дона ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 25 201 дона электр ҳисоблагич ўрнатилиши таъминланди.
Шу билан бирга, ҳудуддаги 11 дона подстанция ва ундан чиқувчи 35 дона 6-10 кВли электр узатиш тармоқлари ҳамда 336 дона трансформатор пунктига 336 дона масофадан туриб бошқариш қурилмаси – концентратор ўрнатилиши режалаштирилган. Таъкидлаш керакки, маҳаллий аҳоли ўртасида замонавий ҳисоблагичнинг афзалликлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил якунига қадар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида замонавий электр ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатилиши белгиланган бўлиб, бу борадаги ишлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилади.
“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ матбуот хизмати.