ЯНГИЛАНГАН БИНОЛАР СИФАТЛИ ХИЗМАТ КЎРСАТИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Мамлакатимизда ҳар соҳада бўлгани каби электр энергияси етказиб бериш тизими ҳам ижобий ўзгаришлар ва янгиланишларга юз тутмоқда. Айниқса, истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар, дастурлар ишлаб чиқилиб, соҳага татбиқ этилаётгани эътиборга молик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан жойларда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Бугунги кунда «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти тасарруфидаги 20 та туман, шаҳар электр таъминоти корхонаси истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш йўлида самарали фаолият олиб бораётир. Жойларда ишчи-ходимлар ва истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида замонавий бинолар барпо этилиб, мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Куни кеча Учкўприк туман электр таъминоти корхонасининг маъмурий биноси ҳам тўлиқ мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда туман мутасадди ташкилот раҳбарлари, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ва Учкўприк туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари қатнашди.
– Маъмурий бино кўркам қиёфа касб этиб, корхона ҳудуди ободонлаштирилди. Яратилаётган бу каби шарт-шароитлар масъулиятимизни янада ошириб, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишимизга кенг йўл очиб бермоқда. Эндиликда корхонага ташриф буюрган истеъмолчи хонама-хона юриб, кўп вақт йўқотмасдан бир жойнинг ўзида ҳисобчи, ҳуқуқшунос, истеъмолчилар билан ишлаш каби хизматлар ёрдамида ўз мурожаатлари бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлиши мумкин, – дейди Учкўприк туман электр таъминоти корхонаси Истеъмолчилар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ш. Сатторов. Бундан ташқари «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан вилоятдаги намунали иш фаолиятимиз учун топширилган кичик юк автомашинаси жойларга тезкорлик билан етиб бориб, муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишга хизмат қилишини таъкидлашим жоиз.
Маъмурий бинони фойдаланишга топшириш маросимида соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган, ҳозирда қарилик гаштини сураётган нуронийлар ҳам таклиф этилиб, амалга оширилган ишлар билан таништирилди.
Бу каби бунёдкорлик ишлари бошқа туман ва шаҳарларда ҳам белгиланган чора-тадбирларга асосан олиб борилмоқда.
«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати.