МОДДИЙ РЕСУРСЛАР ТЕЖАЛИБ, ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНМОҚДА
Мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилиш орқали ҳудудлар имкониятларини тўла юзага чиқариш, пировардида аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда энергия ресурсларига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш мақсадида қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661-сон қарори ҳамда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари ижроси доирасида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ташаббуси билан соҳада ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш орқали энергия таъминотини яхшилаш, аҳолига куз-қиш мавсумида ҳам узлуксиз электр қуввати етказиб бериш ҳамда инфратузилмани мустаҳкамлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ негизида траверс ва металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи ташкил этилган бўлиб, ўтган йилнинг ўзида 8 минг донадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилиши натижасида 500 млн сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.
Ишлаб чиқариш цехида барча турдаги электр тармоқларига хизмат кўрсатадиган ускуналар, жумладан, ОГ-1, ОГ-2, М-1, М-3 траверс ва бошқа турдаги темир қурилмалар замонавий токарлик дастгоҳларидан фойдаланган ҳолда тайёрланмоқда.
Жорий йилда темир қурилмаларга бўлган эҳтиёж 25 минг донадан зиёдлигини ҳисобга олганда, корхонада иқтисод қилинадиган маблағ 2 млрд сўмни ташкил этиши, бу эса ўз навбатида, техник-иқтисодий кўрсаткичларнинг янада ошиши, ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш имконининг кенгайишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати.