МЎЙНОҚДА 16 ЎҚУВЧИГА КОМПЬЮТЕР САВОДХОНЛИГИ КУРСИДА БЕПУЛ ТАЪЛИМ ОЛИШ ИМКОНИ ЯРАТИЛДИ
Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурган эди.
Бугунги кунда жойларда ана шу муҳим ташаббуслар асосида ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёш авлодда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар, айниқса, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эга эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.
Давлат раҳбарининг топшириғига асосан жойларда аҳоли, жумладан, ёшлар учун долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш юзасидаги тезкор чоралар кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасида оммавий қабуллар ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Куни кеча мазкур тадбир доирасида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ф. Қурбонов Муйноқ тумани аҳоли вакиллари билан учрашди ва уларнинг электр таъминоти билан боғлиқ масалаларини атрофлича ўрганиб чиқиш давомида соҳадаги бу борадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга ўз кўрсатмаларини берди.
Шу билан бирга, Муйноқ туман электр тармоқлари корхонасида Президентимизнинг ёшлар таълим-тарбиясига оид илгари сурган бешта муҳим ташаббуснинг жойлардаги ижроси билан яқиндан танишиш мақсадида яқиндагини жамият маблағи ҳисобига қуриб битказилган компьютер саводхонлиги биносида бўлди ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Учрашув сўнгида тумандаги тўртта мактабдан жами 16 ўқувчига мазкур компьютер саводхонлиги курсида бепул таълим олиш имконини берувчи махсус сертификат топширилди.
Муйноқ туманидаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар ёшларга бу каби шароит ва имкониятлар яратиб берилаётгани учун давлатимиз раҳбари ҳамда ўқув курслари ташкилотчиларига ўз миннатдорликларини билдиришди. Қувончлари олам бўлган ёшлар келажакда Ватанимиз равнақи ва гуллаб-яшнаши йўлида ўз меҳнатларини аямасликларини билдириб ўтдилар.
"Қорақалпоқ ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.