“МАҲАЛЛАМИЗ ДАСТУРГА КИРИТИЛГАН, ЛЕКИН ЯНГИ ТРАСФОРМАТОР ЎРНАТИЛМАДИ”, – дейилади мурожаатда
Касб тақозоси билан аҳолидан келиб тушган мурожаатлар билан кўп ишлашга тўғри келади. Шу сабабли уларни ўрганиш ва келиб чиққан муаммоларни бартараф қилиш, ҳар бир мурожаатни бевосита жойига чиқиб ўрганиш жараёнида асосан бир хил мазмундаги эътирозларга дуч келмоқдамиз. Масалан:
“Маҳалламиз дастурга киритилган бўлиб, шу асосда яна битта трансформатор қўйишлари лозим эди. Лекин ҳалигача қўшимча трансформатор ўрнатилмади”.
Бундай мурожаатларни ўрганар эканмиз, қатор ҳудудларда истеъмолчиларда бу борада нотўғри тушунча борлигини кўрдик.
Шу сабаб янги трансформатор қачон ва қай ҳолатда ўрнатилиши лозимлиги ҳақида қисқача тўхталишни лозим топдик. Ундан аввал эса “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишларга қисқача тўхталсак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги ПҚ–2661-сонли қарори, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида жамият томонидан 112 та трансформатор янгидан ўрнатилиб, 43 та трансформатор қайта реконструкция қилинди.
Таъкидлаш жоизки, ҳудуддаги барча электр узатиш тармоқлари ва трансформаторлар қайта кўздан кечирилиши натижасида муаммоли ҳудудлар ўрганилиб, жорий таъмирлаш ва қайта таъмирлаш ишлари бажарилди, қолганлари режага киритилди. Унга асосан, талабга жавоб берадиган трансформаторлар қайта таъмирланиши, яроқсиз деб ҳисобланган трансформаторлар янгисига алмаштирилиши белгилаб олинди.
Энди қўшимча трансформаторлар масаласига қайтсак. Айрим ҳудудларда электр энергияси паст бўлиши (200-220 В бўлган кучланиш нормал ҳолат ҳисобланади)нинг сабаби трансформаторларга ноқонуний тарзда ортиқча тармоқлар уланишидир. Мисол учун, 100 та хонадонга мўлжалланган трансформаторга 150 та хонадон уланиши оқибатида электр энергияси кучланиши пасайиб кетади. Ваҳоланки, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра кучланиш паст бўлган ҳудудлардагина қўшимча трансформатор қўйиш чоралари кўрилиши белгиланган.
Дастурга киритилган, лекин қўшимча трансформатор ўрнатилмаган ҳудудларда эса ўрганишлар натижасида электр энергиясидаги кучланиш нормал ҳолатда бўлиши мумкин.
Шу ўринда электр энергияси истеъмолчиларига кучланиш паст ёки фойдаланиш муддати эскирган электр энергияси узатиш линиялари мавжуд ҳудудларда қўшимча трансформаторлар қўйилиши, тармоқларнинг модернизация ва реконструкция қилиниши борасидаги таклифлар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари тавсиясига асосан Давлат дастурларига киритилишини айтиб ўтиш жоиз.
“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.